Араб дунёсидагига ўхшаш қўзғолонлар Россияда ҳам бўлиши мумкинми?

Медведев ва Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин Шимолий Африка давлатларидаги ҳодисалар таъсири Россияга ҳам тарқалишидан хавотир билдиришганди

Араб дунёсидаги ғалаёнларнинг Россияда ҳам такрорланиши эҳтимоли сиёсатчилар ва экспертлар баҳсу мунозаларига сабаб бўлмоқда.

Шу кунларда Президент Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин Шимолий Африка давлатларидаги ҳодисалар таъсири Россияга ҳам тарқалишидан хавотир билдиришганди.

Кремл танқидчилари, агар ҳозирги сиёсат ўзгармаса, Россия ҳам катта норозиликлар саҳнасига айланиши мумкинлигини урғулашади. Ўтган ҳафта Бош вазир Владимир Путин Халқаро жамоатчилик Араб дунёсидаги ғалаёнларга аралашмаслиги ва уларнинг демократия йўлига ўтишларини тезлаштиришга урунмаслиги лозимлигини таъкидлади.

"Энг аввало Шимолий Африка давлатларидаги воқеаларда қурбонлар сони ошаётгани бизни ташвишга солмоқда. Ҳозирда ҳокимиятни радикал кучлар эгаллашлари ёки улар таъсири кучайиши эҳтимолидан йироқ деган баёнотлар янграмоқда. Бироқ, биз Шимолий Африка давлатларидаги ғалаёнлардан ташвишда. Чунки, бундай воқеалар давом этаверса, дунёнинг бошқа минтақалари, жумладан, Шимолий Қофқозга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди", - деб айтди жаноб Путин.

Президент Дмитрий Медведевнинг фикрича эса, араб давлатларидаги тартибсизликлар натижасида ҳокимиятни фанатик кучлар эгаллашлари эҳтимоли мавжуд.

"Улар (радикал кучлар) олдинлари худду шундай сценарияни Россия учун ҳам тайёрлашганди. Айниқса, эндиликда улар Россия учун бундай режани амалда тайёрлашга уринишади. Лекин, бундай уринишлар бизда ўтмайди," - деб айтди Дмитрий Медведев.

Ўз навбатда Кремл танқидчилари, Россия лидерлари хавотирлари бежиз эмаслигини урғулашади. "Халқ эркинлиги" партиясининг раҳбари, собиқ бош вазир Михаил Касяновнинг фикрича, ҳокимият аҳолининг Конституцион ҳуқуқ ва демократия талабларини инобатга олиши керак.

"Ҳокимият охирги 11 - 12 йил ичида Россиядаги вазиятни ўзгартириш учун Конституцион ўзгаришларни бошлаши лозимлигини англаши керак. Бу биринчи навбатда эркин сайловларга ижозат берилишини англатади. Агар бундай имкониятга йўл берилмаса, Россияда ҳам Миср воқеалари такрорланиши мумкин",- деб айтди Михаил Касянов.

Экспертлар Араб давлатлари ва Россия турли сиёсий маданиятга эга экан бўлгани боис ҳам инқилобий намойишларга Россия саҳна бўлмаслигига ишора этишади.

"Бирдамлик" ҳаракати раҳбари, сиёсатшунос Сергей Давидиснинг фикрига кўра, агар ҳокимиятнинг ҳозирги сиёсати ўзгармаса, Россияда аҳоли норозилиги, араб давлатларидагидан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин.

"Кремл томонидан жамиятнинг ҳокимиятга таъсир кўрсатиш имкониятларини менсимаслиги Россияда ҳам катта ғалаёнлар бошланиши эҳтимолини кучайтиради. Энг аввало Шимолий Қофқозда, кейин аҳоли камбағал яшаётган минтақаларда ва ҳатто пойтахт Москва каби йирик шаҳарларда катта норозилиглар бошланиши мумкин", - дейди Сергей Давидис.

Охирги пайтларда Россия шаҳарларида мухолиф партияларнинг намойиш ўтказишларига тўсқинлик қилиш ёки намойишларни тарқатиб юборилиши кучайгани айтилади. Ғарб давлатлари Кремлдан мухолифат кучларга босим кўрсатиш тўхтатилиши ва демократик чиқишларга йўл берилишини талаб қилиб келади. Россия ҳокимияти эса, "ушбу танқидларда бирор асос йўқ" дея рад этади. Қатор экспертлар аксилҳукумат намойишлар Россия таъсири кучли бўлган, иқтисодий жиҳатдан анча камбағал Марказий Осиё давлатларида бошланиш эҳтимоли яқинлигини урғулашади. Москвадаги Карнеги марказининг эксперти Алексей Малашенкога кўра, МДҲ ҳудудида араб давлатларидаги каби инқилобий чиқишларга ҳозирча шароит яратилмаган. "Россияда оломоннинг кўчаларга чиқиши, Медведев ва Путиннинг бирон бошқа давлатга қочишлари ё-да, Ливия раҳбари Қаддофий каби қўзғолончиларни бомбардимон қилишига ишониш жуда қийин. Менимча, Россия ва Ливия ўрасида бундай ўхшашлик жиҳатларини қидириш жуда кулгили нарса. Нафақат Россия, балки Марказий Осиёнинг энг йирик давлатлари, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Миср ёки Тунис воқеалари такрорланиши мумкинлигини айтиш мушкул. Албатта, баъзилар Кирғизистонда кечган давлат ағдаришларига ишора этишлари мумкин. Қирғизистондаги давлат ағдаришлари араб дунёсидаги ғалаёнлардан анча олдин кечганини назардан қочирмаслик керак", -деб айтди Алексей Малашенко. Айни дамда жамиятшуносларнинг айтишларича, Россияда иқтидордаги партия "Ягона Россия" рейтинги, жорий йилда олдинги йилларга қараганда анча пасайган.

Айни дамда Россия аҳолиси орасида иқтидордаги партия обруъи олдинги йилларга қараганда пасайган.

Умумроссия аҳоли фикрини ўрганувчи марказ ўтказган тадқиқотлар бўйича Бош вазир Владимир Путин раҳбарлик "Ягона Россия" партиясининг обрўси ўтган йилга қараганда 5 фоизга пасайган. Коммунистлар тарафдорлари нуфузи эса, аксинча, ўтган йилга қараганда 1 фоизга ошган.