Россия: Домодедоводаги ҳужум учун уч шахсга айблов эълон қилинди

Доку Умаров Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Чечен бўлгинчилари дала қўмондони Доку Умаров Домодедоводаги худкушлик ҳужуми унинг буйруғи билан амалга ошганини эълон қилган

Россия мулозимлари ўтган январда Москванинг Домодедово аэропортидаги ҳужум учун уч кишига айблов эълон қилганлар.

Учовлон ҳам Шимолий Қофқоздаги Ингушетиядан.

Улар орасида худкуш ҳужумчи Магомед Явлоевнинг иниси ва опаси ҳам бор, дея хабар беради Би-би-сининг Москвадаги мухбири.

Россия ҳукумати Москва ҳаво қўналғасида худкуш ҳужумни амалга оширган 20 яшар Магомед Явлоев деб қаттиқ ишонади.

У Россиянинг Шимолий Қофқоз минтақаси Ингушистондаги овлоқ бир қишоқдан келган.

Аэропортдаги ҳужумдан икки ҳафта ўтиб, унинг акаси ва синглиси ҳам қўлга олинган.

Аҳмед Явлоев 22 ёшда, Фотима эса 16 яшар.

Улар Умар исмли яна бир шахс билан бирга террорчилик ва қурол-яроғ савдоси каби айбловларга юз тутишаяпти.

Учовлон ҳам 37 кишининг умрига зомин бўлган Домодедово аэропортидаги портлашга алоқалари йўқлигини айтиб, айбловларни рад этишмоқда.

Портлашлардан кўп ўтмай Чечен бўлгинчилари дала қўмондони Доку Умаров "бу ҳужумни мен буюрганман," деб чиқди.

"Ҳали Россияда яна кўплаб худкшулик ҳужумлари уюштирамиз," деб огоҳлантирганди у.

Чечен қўмондони йил бўйи Россияни "қонга белаш" ва "кўз ёшларга тўлдириш"га ваъда қилган.