Тунис ёшлари ва ишсизлик муаммоси

Тунис ёшлари Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тунис ёшлари бу ерда эркинлик сўзини намоён этишган

Тунисдаги инқилобга бир ой тўлар экан, бу "Авлиё Валентин" кунига тўғри келди. Севишганлар кунини нишонлашни барча ёш тунисликлар яхши кўрадилар. Бироқ, бу йилги байрамнинг аҳамияти унча катта эмас эди. Ҳамон инқилоб, унинг оқибатлари ёшларнинг фикру хаёлларини эгалланганди.

Мана шу бир ой ичида ёшларнинг қанчалик ўзгарганлари, "ақллироқ" бўлиб қолганларини кўриш мумкин эди. Мен буларни ўз ўғилларим, уларнинг дўстлари ва қўшнилар мисолида кузатяпман.

Доимо атрофдагиларга бефарқ, кўп ҳолларда дангаса ва сиёсий ишларга аралашмайдиган, фақат ўз манфаатлари: қаерда ҳордиқ чиқариш ва энг охирги урф бўлган кийимларни сотиб олишдан бўлак ўйлари бўлмаган ёшлар бирданига сиёсатга бош қўшгандилар. Улар ўзларида юксак ғоялар борлигини нафақат мамлакат, балки бутун дунёга намойиш этишди. Ўз иродалари қанчалар мустаҳкам эканлигини ҳам кўрсата билишди.

Собиқ президент Бен Али мамлакатни тарк этишидан олдинроқ, 13 январ куни, бир қатор ваъдалар билан бирга ёшларга Интернет цензурасини бекор қилиши ва youtube ҳамда dailymotion каби сайтларни очиб беришини айтганди. Бунинг ортидан эса, ёшларнинг худди тошқиндек facebookка ёғилган шарҳлари мени хайратда қолдирди.

Улар қаттиқ нафрат ва ғазаб билан: "У шу билан бизни сотиб олмоқчими? Ютюби бошидан қолсин! Биродарларимиз ўлаётган пайтда у интернет билан кўнглимизни олмоқчими?" дея ёзардилар.

Ва бу сўзларни 16-17 ёшли ўсмирлар ёзишарди! Мен Бен Алининг ваъдалари ёшларни тинчлантириш учун кифоя бўлади деган фикрларимдан ҳаттоки уялиб кетдим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Инқилоб пайти

Бироқ, қўзғолонни шахсий компютерлари ва сўнгги урф бўлган қўл телефонлари бўлган, ўзларини "замонавий" деб атаган ёшлар бошламагандилар.

Умуман, бошқа ёшлар исёнга қўл урганлар. Бу камбағал ҳудудлардан баъзан ўз уй-жойига эга бўлмай, баракда яшаган қашшоқ ёшлар эди.

Ва уларнинг эътирозлари сабаби интернетга бўлган цензура эмас, балки ўсиб бораётган ишсизлик масаласи кўпроқ қийнаган.

Тунисда ёшлар (15дан то 30 ёшгача бўлганлар) аҳолининг учдан бир қисмини ташкил қилади ва уларнинг аксарияти ишсиз.

Тунис маориф соҳаси жуда тараққий топган мамлакат бўлиб, таълим-тарбияга ҳарбий харажатлардан кўра кўпроқ - 20-22 фоиз атрофида маблағ ажратилади. Тунисда саводсизликка барҳам бериб бўлинган.

Тунис ёшлари орасида олий ўқув юртини битириб диплом олиш - иш жойини қулга киритишни англатади. Шунинг учун, талабаларнинг сони ҳам йилдан-йилга ўсмоқда.

Сўнги маълумотларга кўра, талаба ёшларнинг ярмидан кўпини қизлар ташкил қилади ва бу иш қидирувчилар орасида рақобатни янада кучайтиради.

Мен ўз атрофимда 10-15 йил ишсиз қолган жуда кўп олий ўқув юртлар ўқитувчиларини кўраман. Баъзилари кафэларда официантлик қилишади.

Айримларининг ёшлари 40ни қоралаб қолганига қарамай, ҳамон иш топишни орзу қилишади. Баъзилар муқим ишлари бўлмагани учун, оила қура олмайдилар.

Куни кеча ўғилларим билан бирга телевизорда Маориф вазирининг ишсиз ёшлар билан учрашувини томоша қилдик.

Ёшлар бор ҳақиқатни, сарсону саргардон бўлиб юрганлари ҳақида гапиришди. Улар университетни битиргач, аспирантурага кириб, қўлларида диплом бўлишига қарамай, ҳукумат томонидан ўйлаб топилган кўрикдан ҳам ўтишлари керак.

Лекин, ўз кучи билан ҳеч ким ўтмаганидан кейин, пора беришга мажбур бўладилар. Катта ўғлимнинг айтишича, пора миқдори 5 мингдан 10 минг диноргача ўсган. Поранинг нархи мутахассисликка қараб белгиланади.

Катта ўғлим компютер фанлари бўйича мутахассис. Лекин, иш тополмай, "Orange Teleperformation" телекоммуникация ширкатида ишлайди. Унинг дўсти Комил дипломи бўлса-да, меҳмонхонада кичик бир вазифада ишлайди. Улар билан бирга ўқиган Амна эса икки йилдан бери уйда ўтирибди.

Мактабни битирмай қолиб кетган ёшларчи? Уларнинг дардини ким гапиради? Бу ёшларнинг ота-оналари ҳам ўқимаган ва тирикчилик илинжида сарсону саргардонлар. Бу ёшларда иш топиш истиқболлари мутлақо йўқ.

Мамлакатнинг жануби-ғарбий ҳудудларидан келган бу ёшлар ҳамма томондан унутилган кўринади: жамият, ҳукумат ва Худонинг ўзи ҳам уларни эсламаётгандек.

Қўзғолон айнан ўша ерда бошлангани ҳам ажабланарли эмас. Муҳаммад Буазизи исмли ёш йигит ўзига ўт қўйиши бутун мамлакатни ларзага солганди. Топталган ғурурнинг ночорликдан қўйган қадами барча ёшларга (улар ўқимишли бўладими ёки ўқимаганми) ҳаётни қадр-қимматсиз давом эттириш мумкин эмаслигини кўрсатди.

Тунисда иш - обрў билан баробар. Ёш йигит-қизлар обрўсиз яшашни хоҳламаганлар. Ғарбда инқилобимизни жасмин ёки хурмо инқилоби деб аташаётган бўлса, Тунис ёшлари уни "Қадр - қиммати инқилоби" дея номлашди.