Ливияда ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасидаги жанглар шиддатли тус олмоқда

Исёнчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ливияда Қаддофий кучлари ва исёнчилар ўртасидаги жанглар шиддатли тус олар экан БМТ бу мамлакатга ўзининг янги элчисини тайинлади ва вазиятни яқиндан ўрганиш учун баҳолаш гуруҳини юборишга қарор қилди.

БМТнинг Ливиядаги вакили этиб Иорданиянинг собиқ вазирини тайинлаган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун полковник Қаддофий БМТ баҳолаш гуруҳини Триполига киришига изн берганини айтди.

Пан Ги Мун шунингдек шиддатли жанглар бўлиб ўтган Мисрата шаҳрига киришга зудлик билан изн берилишини талаб қилганини айтди.

Айни дамда Муаммар Қаддофийга содиқ бўлган кучлар Триполи яқинида ва Ливия шарқида исёнчилар мавқеъларига ҳужумлар қилмоқда.

Шифохона бомбаланди

Жаноб Пан идораси чиқарган баёнотда айтилишича, БМТ Бош котиби "зўравонликлар асосан оддий фуқароларга зиммасига тушаётир деб ҳисоблайди ва ҳукумат кучларини нопропорционал куч ишлатишни дарҳол тўхтатишга чақиради".

"У халқаро инсонпарварлик қонунларини бузганлар ёки оғир жиноят содир этганлар жавобгарликка тортилиши шартлигини таъкидлайди," деб давом этади баёнот.

Жаноб Пан Иорданиянинг собиқ Ташқи ишлар вазири Абулиллоҳ ал-Хатибни ўзининг Ливиядаги махсус вакили этиб тайинлаган.

Янги вакилга Ливиядаги вазиятни тезлик билан ўрганиб чиқиш вазифаси топширилгани хабар қилинади.

Пан Ги Мунга кўра, Ливия Ташқи ишлар вазири Муса Куса Ливиядаги вазиятни ўрганиш учун юборилаётган гуруҳ билан пойтахт Триполида учрашишга рози бўлган.

БМТ инсонпарварлик ёрдамлари мувофиқлаштирувчиси Валери Амоснинг айтишича, Триполидан 200 километр шарқда жойлашган Мисрата шаҳрида юз берган оғир жанглар натижасида "одамлар яраланган ва ҳалок бўлишмоқда ва уларга дарҳол ёрдам кўрсатилиши зарур".

Шанба куни ҳукумат қўшинлари танклар ва артиллерия ёрдамида исёнчилар назорати остидаги Мисрата марказига бостириб кирганлар, бироқ кейинчалик қарши ҳужумлар натижасида чекинишга мажбур бўлганлар.

"Мен Ливия расмийларидан инсонлар ҳаётини қутқариб қолиш учун Мисрата шаҳрига зудлик билан киришимизга рухсат беришларини сўрайман," деб айтган БМТ инсонпарварлик ёрдамлари мувофиқлаштирувчиси.

Маҳаллий шифокорнинг Би-би-сига айтишича, унинг шифохонасига 21 ўлик ва 100 дан ортиқ ярадор келтирилган.

У Мисратада жанглар камида олти соат давом этганини айтган.

"Улар уйларни оғир қуроллардан бомбалашди. Улар атайлабдан бизнинг дорихонамизни нишонга олишди ва портлатиб юборишди. Улар ҳаттоки шифохона атрофини бомбалашди, аммо бахтимизга талафотлар йўқ. Мен билган бешдан ортиқ масжид бомбаланди," деди мисраталик шифокор.

Мисрата яшовчиси Муҳаммад Бенрасали Би-би-сига шаҳарликлар Қаддофий кучлари ортга чекинганидан жуда ҳам мамнун эканини айтган.

Унинг айтишича, бир танк портлатилган ва Қаддофийнинг 16 аскари ўлдирилган ва яна кўплар қўлга олинган.

300 минг аҳолига эга Мисрата Ливия шарқида исёнчилар назорати остида бўлган энг катта шаҳар ҳисобланади.

Ливия яшовчилари халқаро ҳамжамиятдан Қаддофий ҳаво ҳужумларини бартараф этиш учун Ливияга парвозларни тўхтатишни сўраганлар.

Ливиялик исёнчиларга қурол-яроқ етказиб бериш ташаббуси билан чиққанлар орасида Қўшма Штатларнинг БМТдаги собиқ элчиси Бил Ричардсон ва Миллий Хавфсизлик Кенгашининг собиқ маслаҳатчиси Стефен Ҳадлей бор.

"Каттароқ ҳужум"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Триполидан 50 километр шарқда жойлашган ал-Завия шаҳридаги исёнчилар ҳам якшанба куни ҳукумат кучлари ҳужумини бартараф этганликларини маълум қилганлар.

"Якшанба куни шанбага қараганда каттароқ ҳужум бўлди," деди исёнчилар сўзчиси Юсуф Шаган Рейтер хабар агентлиги билан суҳбатда.

"Жанглар бир ярим соат давом этди... Биз тарафдан икки одам ўлди ва яна кўплар яраланди. Биз ҳалиям шаҳарни тўлиқ назорат қилаяпмиз," деди исёнчилар вакили.

Ҳукуматга қарши бўлган кучлар маркази шарқий Бенғози шаҳрида жойлашган.

Бу шаҳарда исёнчилар Муваққат Миллий Кенгашни ташкил этганлар.

Ушбу кенгаш халқаро ҳамжамиятни уни Ливиядаги ягона ҳукумат сифатида тан олишга чақирган.

Якшанба куни Муаммар Қаддофий кучлари қирувчи вертолётлар дастагида шанба куни исёнчилар назоратига ўтган нефтга бой Рас Лануф шаҳрига ҳужум қилдилар.

Рас Лануф полковник Қаддофийнинг она шаҳри Сиртедан 160 километр шарқда жойлашган.

Исёнчилар уларнинг кучлари Рас Лануфдан 50 километр шимоли-ғарбда жойлашган Бин Жавад шаҳридан чиқиб кетганликларини айтганлар.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Ливияда деярли уч ҳафтадан буён давом этаётган тартибсизликларда бир мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган.

Асосан хорижий ишчилардан иборат 200 мингга яқин одам мамлакатни тарк этиши натижасида Ливия ва Тунис чегарасида инсоний инқироз юзага келган.

Ўтган ҳафта БМТ Хавфсизлик Кенгаши бир овоздан полковник Қаддофий ва унинг оиласи банк ҳисобларини музлатиб қўйди ва уларнинг хорижга чиқишларини таъқиқлади.