Ливия узра тақиқланган ҳудуд яратиш устида ишланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Полковник Қаддофийга содиқ кучлар исёнчиларга қарши ҳужумларини давом эттираяпти

Халқаро ҳамжамият Муаммар Қаддофий томонидан исёнкорлар назорати остидаги минтақаларга ҳаво ҳужумлари уюштирилишига жавоб сифатида Ливия узра учиш тақиқланган ҳудуд яратиш режасини устида ишламоқда.

Мазкур масала бўйича БМТ резолюциясини Британия ва Франция ишлаб чиқмоқда.

Ливия устидан парвоз тақиқланган ҳудуд яратиш масаласи пайшанба куни НАТО мудофаа вазирлари тарафидан муҳокама этилади.

Форс кўрфази давлатлари аллақачон ушбу ғояга дастак билдиришган.

Аммо, Би-би-сининг БМТдаги мухбири Барбара Плеттнинг хабар қилишича, БМТ айни масалада халқаро ҳамжамият ҳали бир тўхтамга кела олмаётганини айтмоқда.

Айни пайтда полковник Қаддофийга содиқ кучлар исёнчиларга қарши ҳужумларни амалга оширишмоқда.

Дипломатик қадамлар

Ливия узра учиш тақиқланган ҳудуд яратиш режасини қўллаб-қувватлашини билдирган Форс кўрфази давлатлари Араб Лигасининг фавқулодда йиғинини чақиришган.

Улар Ливия ҳукумати қўшинларининг тинч аҳолига қарши куч қўллашларини қоралаб чиқишган.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг "ҳамкорлари билан парвоз тақиқланган ҳудуд яратишга оид резолюция бандлари устида" ишлаётганларини билдирган.

Аммо, у Араб ва Африка давлатлари, шу билан бирга Қўшма Штатлар ҳамда НАТОнинг дастаги ўта муҳим экани, бу қадам БМТ резолюцияси қонунийлигини таъминлаш учун кераклигини таъкидлаган.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Рассмусен ҳам ҳар қандай учиш тақиқланган ҳудуд яратиш учун БМТнинг расмий дастаги лозимлигини урғулаган.

"Агар Қаддофий ва унинг тузуми ўз халқига ҳужумларини давом эттираверса, халқаро ҳамжамият ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қўл қовуштириб ўтиришларини тасаввур қила олмайман", деб айтган Рассмусен жаноблари.

Душанба куни Америка Қўшма Штатлари ўз фуқароларига қарши зўравонлик қўллаётган Ливия ҳукуматига қарши ҳарбий куч қўллаш масаласини иттифоқчилар билан ҳамон кўриб чиқаётганини айтган.

Оқ Уй воизи Жей Карней исёнкор гуруҳларни қуроллантириш масаласи муҳокама мавзуларидан бири эканини айтган. Аммо, унинг таъкидлашича, Вашингтон ҳамон полковник Қаддафийга қарши гуруҳларни ўрганмоқда.

Қўшма Штатлар Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг билдиришича, Пентагон Президент Обамага қатор ҳарбий танловлар таклифи билан чиққан.