БМТ: 2010 йил Афғонистон учун охирги ўн йилнинг энг қонлиси бўлди

Америка аскари ва учувчисиз учоғи Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўтган йил ҳалок бўлганларнинг 16 фоизига НАТО кучлари сабабчи

БМТ ҳисоботига кўра, икки йилдан буён Афғонистондаги урушда ўлдирилган оддий фуқаролар сони ўсишда давом этмоқда.

Айниқса аёллар ва болалар ўлими кескин ортган.

Ҳисоботга кўра, 2010 йил Афғонистонда Толибон ағдарилганидан буён давом этаётган ички урушларнинг энг қонлисига айланди.

Ўтган йил Афғонистонда 2700 дан ошиқ одам ҳалок бўлган. Бу 2009 йилга нисбатан 15% кўпроқдир.

БМТнинг айтишича, инсоний талафотларнинг ошишига асосан Толибон ва бошқа исёнчилар айбдор.

Қурбонларнинг деярли 75% Толибон томонидан ҳалок этилган.

Афғонистон ҳукумати ва НАТО кучлари томонидан ҳалок этилганлар сони кескин қисқариб, 16% ташкил этган.

Бироқ Америка кучлари томонидан 9 гўдакнинг тасодифан ҳалок этилиши хорижий кучлар амалиётлари Толибонга нисбатан кўпроқ нафрат қўзғатиши ва акс-садо беришини кўрсатди.

Ўтган йил буюртма қотилликлар ҳам икки бараварга кўпайиб, 462 тани ташкил этган.

Асосан ҳукумат ходимлари, сиёсатчилар ва қабила оқсоқоллари исёнчилар томонидан нишонга олинмоқда.

Исёнчилар ҳадафга олганларнинг аксари йўл четига ўрнатилган бомбалардан ҳалок бўлганлар.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар хавотирларига кўра, Толибон ҳаракати янада шафқатсизроқ бўлиб бормоқда.

2011 йилда оддий фуқаролар орасида қурбонларнинг янада кўпроқ бўлиши кутилмоқда.