Дунёнинг қай бир давлатида аёл бўлиш яхши ёки ёмон? - Туркиядаги вазиятга бир назар

Туркия бугун дунёдаги иқтисоди энг жадал ривожланаётган олд мамлакатларидан бири.

Бироқ шунга қарамай, аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга тенг имкониятлар яратиш бобида Туркия жуда ортда қолаётган давлатлардан бири саналади.

Туркия сўнгги йилларда иқтисодий ислоҳотлари ва минтақавий ташқи сиёсати учун мақтову олқишлар олди.

Аммо хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи гуруҳлар улар учун жамиятда яратилган шароитлар ва имкониятлар чекланганини урғулашади.

Аёлларнинг тўртдан бир қисмигина иш ўринларига эга. Камбағалроқ хотин-қизлар эса, фақат бошланғич таълим олиш имконига эгалар.

Миллат вакилларининг фақат ўн фоизи аёллар, холос.

Бадном этилиш ва ё номусдан, дея аёлларни ўлдириш ҳолатлари кескин ортган. Бу каби қотилликлар деярли ҳар куни рўй беради.

Айрим фаоллар бунга ўхшаш жиноятларнинг ортиб кетишини иқтидордаги исломий илдизларга эга партиянинг диний қадриятларни ардоқлаётгани билан боғлашмоқда.

Аёллар ҳуқуқлари фаоли, Туркиядаги илк аёллар бошпанаси раҳбари Жанан Ариннинг айтишича, Туркияда анъанадорлик кучаймоқда. Аёлга эркакларнинг мулки деб қаралмоқда.

Ҳукуматдаги вазирлар эса, бу каби қарашларни қўллаб-қувватлашмоқда, дейди у.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон Халқаро Хотин-қизлар кунида нутқ сўзлаб, аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонликни қоралади.

Президент Гул Истанбул биржасининг иш қўнғироғини бир неча аёл тадбиркорлар билан очди.

Турк ширкатларидаги раҳбар лавозимларда хотин-қизларнинг кўпайиб бораётгани эса, Туркиянинг эркак ва аёллар тенглиги йўлидаги муваффақияти, дея талқин қилинмоқда.