Муаммар Қаддофий: "Ливия халқи қўлига қурол олади"

Муаммар Қаддофий Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters (audio)
Image caption Муаммар Қаддофийга кўра, ғарбнинг мақсади битта - Ливия нефти устидан ҳукмронликни ўрнатиш

Туркиянинг TRT телевизион канали билан суҳбатда полковник Муаммар Қаддофий агар ғарб ва БМТ Ливия ҳаво ҳудудини беркитса, "халқ қўлига қурол олади," деб айтган.

Полковник Қаддофийнинг таъкидлашича, ғарб давлатлари Ливия ҳаво ҳудудини беркитсалар, уларнинг асл нияти ошкор бўлади.

Унга кўра, ғарбнинг асл мақсади Ливия нефти устидан назоратни ўрнатишдир.

"Агар улар бундай қадамни ташлашга қарор қилсалар, Ливия учун фойдали бўлади. Зеро уларнинг Ливия устидан ҳукмронликни ўрнатиш ва унинг нефтини ўғирлаш ниятлари борлигига Ливия халқи ишонч ҳосил қилади," - деб айтган Муаммар Қаддофий. - "Ўшанда Ливия халқи қўлига қурол олади".

Айни дамда АҚШ Ливия ҳаво ҳудудини беркитиш қарорини фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олиши зарурлигини айтган.

Чоршанба куни Қаддофийга содиқ бўлган кучлар Ал-Зовия шаҳри атрофини бомбалаганлар ва шаҳарнинг марказий хиёбонини босиб олишга уринганлар.

Мисрдан келаётган хабарларга кўра, Қоҳирага юқори мулозимларни ташувчи Ливия учоғи келиб қўнган.

Бу учоқ Қаддофийнинг шахсан ўзига тегишли экани тахмин қилинмоқда.

Триполидан келган учоқ бортида генерал-майор Абдул Раҳмон Али Сайид Завий бўлган.

У Ливия ҳарбий таъминот масалалари билан шуғулланувчи идорага раҳбарлик қилади.

Ассошиэйтед пресс агентлигининг хабар беришича, Завий Ливия раҳбарининг махсус топшириғи билан келган.

Аввалроқ "ал-Жазира" араб телевизион канали Қаддофий оиласига қарашли беш учоқдан учтаси Вена, Афина ва Қоҳира томонга учганини хабар қилганди.