Қаддофий Ливиядаги ғалаёнлар учун хорижий кучларни айблади

Қаддофий Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Полковник Қаддофийнинг ишонишича, Ливиядаги ғалаёнлар учун Оврўпо давлатлари ва ал-Қоида айбдор

Ливияда ҳукумат кучлари ғарбий ал-Завия шаҳрига ҳужумларни кучайтиришар экан полковник Муаммар Қаддофий телевидение орқали чиқиш қилиб, мамлакатдаги ғалаёнлар учун ташқи кучларни айблади.

Полковник Қаддофийнинг айтишича, Оврўпо ҳукуматлари ва ал-Қоида ливиялик ёшларни ғалаёнларга ташвиқ этмоқда.

Айни дамда Қаддофий тарафида бўлган кучлар ал-Завия ён атрофидаги ҳудудларни замбараклардан ўққа тутиб, шаҳар марказини эгаллашга уринмоқда.

Қўшма Штатлар эса Ливия ҳаво ҳудудини ёпиб қўйиш бўйича ҳар қандай қарорни БМТ олиши зарурлигини айтди.

Ливия исёнчилари полковник Қаддофийнинг 41 йиллик ҳокимиятини тугатиш учун жанг қилмоқда ва ўтган уч ҳафтадан кўпроқ вақт ичида бир мингдан кўпроқ одамнинг ҳалок бўлгани ишонилади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, можаролар туфайли 212 мингга яқин одам уй-жойларини тарк этган.

"Пойинтар-сойинтар" нутқ

Триполидаги Би-би-си мухбирига кўра, полковник Қаддофий нутқи Ливия раҳбарининг ўзига ниҳоятда ишониши ва ўта жангарона руҳда эканини кўрсатган.

Ливия давлат телевидениеси чоршанба куни эрталаб полковник Қаддофийнинг қабила раҳбарлари ўнгида қилган чиқишини намойиш этган.

Унинг айтишича, Оврўпо ҳукуматлари ва ал-Қоида мамлакатни иккига бўлиб ташлашга ҳаракат қилмоқда.

Би-би-си мухбири "пойинтар-сойинтар" дея таърифлаган нутқида полковник мухолифатга ён бериш ёда мулоқот ўтказиш ниятини билдирмаган.

Икки ҳафта муқаддам исёнчилар назоратига ўтган ал-Завия шаҳри ҳукумат кучлари томонидан деярли ўраб олинган.

Бироқ, шаҳарнинг замбараклардан ўққа тутилаётгани ва кўплаб одамларнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ал-Завия яшовчиларидан бири 50 танкда ва ўнлаб машиналарда Қаддофий тарафида бўлган кучларни кўрганини айтди.

Шаҳардаги асосий шифохона ярадорларга тўлиб кетгани айтилади.

"Қанча одам ҳалок бўлганини билмайман. Улар ал-Завиянинг кулини кўкка совуришди," деди шаҳарликлардан бири.

Шарқий Ливиядаги Рас Лануф бандаргоҳини ушлаб турган исёнчилар ҳаво ва артиллерия ҳужумларига тутилмоқдалар. Хабарларга кўра, у ерда камида 30 одам яраланган.

Инқироз ечими

Қаддофий кучлари қарши ҳужумларни кучайтирар экан ҳарбий аралашув чақириқлари ортиб бормоқда.

Бироқ, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ливия ҳаво ҳудудини ёпиб қўйиш бўйича ҳар қандай қарор Вашингтон эмас, балки БМТ томонидан олиниши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Клинтон хонимнинг айтишича, ҳар қандай одим Ливия халқи томонидан бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Ливия ҳаво ҳудудининг беркитилиши амалда Муаммар Қаддофийга содиқ ҳаво кучлари амалиётининг амалда таъқиқланишини англатади.

Ушбу чекловга амал қилмаган ҳар қандай учоқ халқаро кучлар томонидан уриб туширилиши мумкин бўлади.

Ўхшаш чекловлар 1991-йилги Кўрфаз урушида Ироқ шимоли ва жанубида ҳамда 1994-95-йилларда Босниядаги уруш пайтида қўлланилган эди.

АҚШ Президенти Барак Обама ва Британия Бош вазири Дэвид Камерон сешанба куни Ливия ҳаво ҳудудларида парвозларни манъ қилиш эҳтимолларини мубоҳиса этишди.

Аммо иккала мамлакат ҳам ҳар қандай ҳарбий аралашув халқаро дастакка эга бўлиши керак деб ишонади.

Оқ Уй чиқарган баёнотга кўра, икки раҳбар телефон суҳбати чоғида "эҳтимолий жавобларнинг барча йўналишлари" мубоҳиса этилган.