Озари расмийлари Араб дунёси ҳодисалари юз бермаслиги чораларини кўрмоқда

Озарбайжон расмийлари Араб дунёсидагидек ҳодисалар юз бериши олдини олиш мақсадида қатор сиёсий фаолларни ҳибсга олган.

Ҳибслар Facebook ижтимоий тармоғида 11 март, жума куни аксилҳукумат норозилик намойишларига чақириқ эълон қилинганидан кейин амалга оширилган.

Сиёсий фаолият ҳамда оммавий ахборот воситаларини қаттиқ назоратда ушлашга ҳаракат қиладиган Озарбайжон раҳбарияти Яқин Шарқ ўлкаларидаги ҳодисалар тўлқини бу мамлакатдаги нисбатан кучсиз мухолифатни жонлантиради, дея асабийлашаётгани кузатилади.

Ҳибсга олишда Озари расмийлари ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ёшларни ёки сиёсий мухолифат партияларининг ёш фаолларини кўпроқ нишонга олмоқда.

Бу кишиларни қўлга олишда Озари полицияси бемантиқ сабаблардан тортиб, жамоат тартибини бузишгача бўлган турли важларни кўрсатган.

Бироқ фаолларнинг айтишича, ҳибсга олишларнинг асл сабаби Facebookда бутун Озарбайжон бўйлаб ҳукуматга қарши "11 март - Озарбайжон буюк халқининг куни" деб номланган норозилик намойишларини бошлашга чақириқ билан боғлиқ.

Озари блоггери Эмин Миллининг икки йил олдин қамоққа олингани халқаро даражада танқидларга сабаб бўлган эди. У ўтган йили ноябрида озодликка чиқарилган. Сўнгги ҳибслар ҳукуматнинг асабийлигини кўрсатади, дейди Эмин Милли.

"Ўйлайманки, бўлаётган ушбу ҳибслар ҳукумат Яқин Шарқдаги ҳодисалар Озарбайжонга таъсир қилиши мумкинлигидан қанчалар асабийлашаётганини намойиш этади. Аммо уларнинг одамларни ҳибсга олаётгани қайтага кўпроқ жаҳоннинг эътиборини ўзига тортади, халқаро оммавий ахборот воситаларининг Озарбайжондаги ҳодисаларга эътибори кучаяди", дейди Эмин Милли.

Интернетда эълон қилинган шиор - "Биз демократия йўлидамиз ва бу йўлнинг охиригача етиш ниятидамиз" шиорини уч минг беш юз киши қўллаб-қувватлаган.

Бироқ, мухбирларнинг ёзишларича, норозилик намойишига қанча одам, қаерга чиқиши мумкинлиги номаълум.

Веб-саҳифа муаллифларидан фақат бир нафари Озарбайжонда истиқомат қилади ва у бир ойга ҳибс этилди.

Кузатувчиларга кўра, Яқин Шарқдаги тартибсизликлар ортидан Озари ҳукумати айрим амалларга қўл урди.

Мамлакатда коррупцияга қарши йирик кампания бошлангани, махсус ҳолатлар ҳақида маълумот бериш учун тўғридан-тўғри телефон хизмати ташкил этилгани хабар қилинди.

Бироқ ҳукумат танқидчиларига кўра, бу чоралар етарли эмас.