Халқаро кучлар Президент Карзайнинг қариндошини ўлдиришди

Афғонистондаги хориж аскари

Президент Карзайнинг 65 ёшли қариндоши Афғонистондаги халқаро кучлар томонидан ўлдирилган.

Ҳомид Карзайнинг амакиваччаси Ёр Муҳаммад Хон Қандаҳордаги уйидан чиққан пайти тунги ҳужум ўтказаётган хорижий кучлар уни отиб қўйишган.

Президентнинг укаси Аҳмад Вали Карзайнинг Би-би-сига билдиришича, Ёр Муҳаммад Хон отишмада нишон бўлмаган, у "янглиш" ўлдирилган.

Афғонистондаги НАТО етакчилигидаги кучлар ҳодиса юзасидан текширув ўтказилаётганини маълум қилган.

Ўтган ҳафта мамлакат шарқида Америка кучлари олиб борган ҳаво ҳужумларида 9 нафар ёш боланинг ўлдирилиши ортидан юзлаб афғонлар халқаро кучлар томонидан оддий аҳоли вакиллари ўлдирилишига қарши норозилик намойишларига чиқишганди.

Президент Карзай Афғонистондаги хорижий қўшинлар қўмондони Генерал Девид Петреуснинг болаларнинг ўлдирилиши юзасидан билдирган узрини қабул қилганмаганди.

Ўтган йил Афғонистонда ҳалок этилган оддий одамлар сони 2777 нафарни ташкил этган. Уларнинг аксари Толибон ва бошқа исёнкорлар тарафидан ўлдирилган.

Аммо, афғонларнинг хорижликлар қўли билан ўлдирилиши мамлакатда ҳар доим қаҳру ғазабга сабаб бўлиб келган.