Ливия калтакланган журналистлари учун Би-би-сидан кечирим сўради

Image caption Би-би-си Араб хизмати тасвирга олиш гуруҳи аъзолари 21 соат ҳибсда тутиб турилганлар

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийга содиқ ҳарбийлар Би-би-си Араб хизматининг уч журналистини 21 соат мобайнида ҳибсда ушлаб турганлар ва калтаклаганлар.

Душанба куни Би-би-си Араб хизматининг тасвирга олиш гуруҳи аъзолари

Крис Кобб-Смит, Феррас Келлани ва Кўктой Қуролтан жанглар бораётган Завия шаҳрига ўтиш учун ҳарбийлар йўлда ўрнатган текшириш нуқтасига борадилар ва ўзларининг ҳужжатларини кўрсатадилар.

Охирги кунларда қақшатқич жанглар юз бериб, бир неча бор назорати қўлдан-қўлга ўтаётган Завия шаҳри атрофини Қаддофий кучлари ўраб олганлар ҳамда журналистларнинг шаҳарга ўтишларига изн бермаяпти.

Би-би-си журналистларини Завиядан 50 километр узоқликдаги пойтахт Триполи шаҳрига олиб борганлар.

Уларни казармалардан бирига олиб киришган ва қўлларини кишанлаганлар.

Журналистларнинг кўзларини боғлаб калтаклаганлар.

Би-би-си мухбирларини қарийб бир кеча-кундуздан кейин қўйиб юборганлар.

Ливия ҳудудини тарк этган журналистлар Триполидаги казармада ўз бошларидан кечган ва шоҳиди бўлган ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилдилар.

"Қанчалик даҳшатли эканини тасвирлаш мушкул..."

"Бизни юзларимизни деворга қаратиб тизиб қўйишди. Мен охири бўлиб турдим. Орқамга қараганимда фуқаролик кийимидаги йигитни кўрдим. Унинг қўлида милтиқ бор эди. У ҳар биримизнинг бўйнимизга милтиқни тиради. Мен унга қараган пайтимда бақириб берди", дейди Крис Кобб-Смит.

"Кейин олдимга келиб қуролини бўйнимга қўйди, икки марта отди. Ўқлар қулоғимнинг олдидан ўтиб кетди. Аскарлар кулишди", дейди Кобб-Смит.

Тассир гуруҳининг иккинчи аъзоси, асли фаластинлик Ферас Килланини алоҳида тутиб туришган, уни доимо дўппослашган.

Ҳарбийлар Килланига унинг Ливиядаги тартибсизликларни ёритаётгани ёқмаётганини айтишган, сен жосуссан, деб айблашган.

Тасвирчи Кўктой Қуролтан "уччовимиз ҳам бу ердан тирик чиқмаймиз" деб ўйлаган эдик, дейди.

Журналистлар Завия шаҳрида истиқомат қиладиган инсонларни қандай қийноққа тутаётганларини ўз кўзлари билан кўрганлар.

"Бунинг қанчалик даҳшатли эканини тасвирлаб бера олмайман. Кўпларнинг бошига қоп кийгизилган эди. Қўллари шунчалик сиқиб боғланганидан шишиб кетган эди. Айримларининг қовурғалари синган, улар тортаётган азобларига чидай олмасдан бақирар эдилар", дейди Кўктой Қуролтан.

"Айниқса, тўрт нафарининг аҳволи даҳшатли эди. Уларнинг юзлари ва баданларида қийноқ излари аниқ кўриниб турарди. Улардан бири камида икки қовурғам синган деб айтди. Мен камида олти соат мобайнида унга сув ичишига, ухлашига, ҳожатга чиқишига ёрдам бердим", дейди Ферас Киллани.

Ливия ҳукуматидаги юқори мансабдаги шахс Би-би-си журналистлари ушлаб турилгани учун кечирим сўраган.

Би-би-си ўзининг мухбирларига шафқатсиз муомала қилинганини қоралаб баёнот тарқатди.

"Бизнинг ходимларимизнинг хавфсизлиги асосий шарт. Би-би-си учун ишлаётган журналистлар ёки ҳар қандай оммавий ахборот воситалари ходимлари Ливиядаги вазият ҳақида таъқиблардан қўрқмасдан ёритишлари лозим", дейилади Би-би-си баёнотида.