Россияда китобхонлик даражаси сўнгги йилларда сезиларли даражада пасайди

Кутубхона
Image caption Россияда китобхонлик даржаси охирги ўн йилда сезиларли даражада пасайган

Собиқ Шўро даврида энг ўқимишли юртлардан саналган Россияда, бугунги кунда илмга бўлган қизиқиш сусаймоқда.

Жамиат фикрини ўрганувчи Умумроссия марказ тадқиқотига кўра, Россияда охирги 13 йил давомида китоб ўқийдиганлар сони 9 фоизга камайган.

Экспертлар фикрларича, ҳокимият аҳоли орасида китобхонликни тарғиб этиш, кутубхоналарга етарли даражада маблағ ажратиш тадбирларига жиддий ёндошмаётир.

Москвадаги И. С. Тургенев номидаги кутубхона Россиядаги қадимий ва энг машҳур кутубхоналардан биридир.

125 йил олдин ташкил этилган ушбу китоб заҳирахонаси, бугунги кунда Ғарб кутубхоналари йўналишида ривожланмоқда.

Замонавий кутубхона фақат китоб макони бўлмай, хилма-хил турдаги маданий марказ ҳамдир.

Кутубхонанада маърузаю учрашувлар, кино ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб турилади.

Тургенев кутубхонаси директори Татяна Коробкинанинг айтишича, китобхонларни кўпроқ жалб этиш мақсадда кутубхонада турли учрашув ва кўргазмалар ўтказилади.

"Бу мавсумда кутубхонамизда ташкил этилган "Қум театри" китобхонлар орасида жуда катта шуҳрат қозонди. Бундан ташқари биз ҳатто кутубхона ертўласини ҳам таъмирладик. У ерга деярли ҳар оқшом ёшлар келишади. Учрашувларда қатнашишади. Билим орттиришади," дейди Татяна Коробкина. Айни вақтда Россия кутубхоналарнинг замон талабларига жавоб беришга интилиши молиявий қийинчиликларга йўлиқмоқда. Ходимларга жуда кам маош тўланади, кутубхоналар бинолари йиллаб таъмирланмайди.

Москвадаги "Библиотечное дело" журналининг бош муҳаррири Татяна Филлипованинг айтишича, кутубхоналарнинг ривожланишига Россия ҳукумати етарли аҳамият бермаяпти.

"Сўнги 7- 8 йил давомида қабул қилинган қонунлар Россияда кутубхоналарнинг нормал ривожланишига тўсиқ ясади. Маҳаллий амалдорлар кутубхоналарга ёрдам беришмайди. Яқинда таниқли губернаторлардан бири ўз чиқишида "мен умримда ҳеч қачон кутубханага бормаганман, лекин мана губернаторлик вазифасигача кўтарилдим," деб мақтанганди. Россия губернаторининг ушбу сўзлари, унинг кутубхоналарга бўлган муносибатини яққол акс эттиради. Афсуски, бундай амалдорлар Россияда кам эмас," дейди Татяна Филлипова.

Москва, Санкт Петербург каби йирик шаҳарларида Тургенев кутубхонасига ўхшаш замонавий кутубхоналар талайгина.

Қозонлик профессор Нурмухаммад Ҳисамовнинг фикрича, Татаристонда китобхонлик даражаси, Москва ва Санкт Петербургдагидан қолишмайди. Бироқ профессор Ҳисамовга кўра, татарлар зич яшайдиган минтақаларда татар тилида жуда кам китоб чоп этилади.

"Татаристонда китобхонлик, китобга бўлган қизиқиш юқори даражада. Бироқ, афсуски, татар тилида китоблар кам чоп этилади. Хусусан Татристон ташқарисида яшайдиган татарлар, татар мактабларининг йўқлиги боис рус тилида ўқишга мажбур бўлишади. Татар тилида кам китоб ўқишади. Бу албатта, биз учун анча ачинарали ҳол," дейди профессор Нурмухаммад Ҳисамов.

Алёна Москва давлат Университетининг толибаси. У бир кунда ҳеч бўлмаса ярим соат вақтини китоб ўқишга сарфлашини айтади.

"Кутубхонага бир ойда бир ёки, ҳеч бўлмаса, икки ойда бир маротиба бораман. Чунки кутубхонада танлов жудда катта, китоб дўконларида топилмайдиган ва қиммат китобларни у ерда олиб ўқиш мумкин. Замонавий кутубхоналарда электорон китобларни сотиб олиш мукин," дейди Алёна.

Жамиат фикрини ўрганувчи Умумроссия марказ тадқиқотига кўра, охирги 10 ичида мамлактда ўқишга бўлган қизиқиш пасайди.

Жамиат фикрини ўрганувчи Умумроссия марказ тадқиқоти бўйича Россияликларнинг фақат 22 фоизи ҳар куни китоб ўқийди.

Сўров Россия аҳолисининг қарийб 80 фоизи аҳён-аҳёнда қўлига китоб олади дея хулоса қилган.