Туркиянинг хушовоз юлдузи Иброҳим Тотлисас ўлим билан олишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Иброҳим Тотлисаснинг аҳволи ниҳоятда оғир экани айтилади

Ўтган кеча Истанбулда отиб кетилган Туркиянинг энг машҳур қўшиқчиларидан Иброҳим Тотлисаснинг ўлим билан олишаётгани айтилади.

У ўзининг машҳур "Ибо" шоуси ёзиладиган телестудия олдида номаълум шахсларнинг ҳужумига учраган.

Туркия Cоғлиқни сақлаш вазири Ражаб Оқдоғ Иброҳим Тотлисас бошидан отилгани ва тунда жарроҳлик амалиёти ўтказилгани, аммо ҳануз оғир аҳволда эканини билдирган.

Мухлислари орасида "Ибо" номи билан машҳур Иброҳим Тотлисасни Туркиянинг энг катта юлдузи, деб айтиш мумкин.

Иброҳим Тотлисас ижросидаги "Аллоҳим, гуноҳим недур" ашуласини қуйида тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Туркиянинг жануби шарқида, камбағал оилада вояга етган Тотлисас эришган машҳурлик ва бойлик кўпгина одамларни илҳомлантириб келган.

Расмий таълим олмаганига қарамай, қудратли овози ва қатъияти уни Туркия поп мусиқасидаги энг катта номга айлантирган.

Жуда кўп филмларда суратга тушган Иброҳим Тотлисас ўзининг "Ибо Шоу" кўнгилочар дастури билан мухлисларнинг янада кўпроқ олқишини қозонди.

Тотлисасга ҳужум ўтган тунда, у ўзининг навбатдаги шоусини ёзиб бўлганидан кўп ўтмай, юз берган.

Истанбул шаҳар ҳокими Авни Мутлуга кўра, Тотлисас телестудиядан чиқиб, машинасида уйига қараб юришни бошлаганидан кўп ўтмай, ичида камида икки номаълум шахс бўлган машина томонидан таъқиб этилган.

Ҳокимга кўра, Тотлисасга уюштирилган суиқасдда "Калашников" русумидаги қуролдан 11 марта отилган.

Ўқлардан баъзилари унинг боши ва юзига теккан.

Ҳодисада унинг ёрдамчиси Букет Чакижи ҳам яраланган, аммо унинг ҳолати Тотлисасникидан анча яхши экани айтилади.

Уларнинг ҳар иккаласи шифохонага етказилган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Шифохонанинг бош жарроҳи Чоғлар Жиҳадирўғли бугун бир баёнот чиқариб, Тотлисас ҳануз оғир аҳволда экани, аммо амалиёт натижасида унинг аҳволи бироз барқарорлашганини билдирди.

Шифокорга кўра, Тотлисас танасининг бир қисми ҳозирнинг ўзида фалаж ҳолга келган бўлиши мумкин.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон шифокорларга сим қоқиб, Тотлисаснинг аҳволидан мунтазам хабардор қилиб туришларини сўраган.

Суиқасд ортида ким тургани ва унинг мотивлари борасида тули-туман фаразлар бор.

Расмийлар ҳужумда қўлланилган машина ва камида икки одамни аниқлаганликларини айтишмоқда.

Ҳужумда ишлатилган қуроллар уюшган жиноий гуруҳ ва ҳатто, жангари гуруҳга ҳам ишора қилади.

Иброҳим Тотлисас улкан бизнес империясига эга ва сўнгги йилларда Шимолий Ироққа катта сармоя киритгани айтилади.

59 ёшли қўшиқчи бошқа кўзга кўринган шахслар билан низолари билан ҳам танилган ва аввал ҳам икки марта ўққа учраган.