Генерал Девид Петреус: 'Толибларга жиддий зарба етказилди'

Генерал Петреус
Image caption Генерал Петреус

Афғонистондаги Қўшма Штатлар қўмондони асосий ҳудудларда Толибон ҳаракатига чек қўйилганини айтди. Генерал Петреус Афғонистон борасида Сенатда ҳисоб берган. Бу Афғонистондаги Қўшма Штатлар қўмондонининг ўтган йил июнида вазифасига тайинланганидан бери илк расмий чиқишидир.

Афғонистонда Америка қўшинлари сони 97 мингни ташкил қилади, НАТО иттифоқчилариники эса, 45 минг атрофида.

2010 йил июн ойида Генерал Станли Маккристал истеъфога чиқарилар экан, Генерал Петреус Америка кучлари қўмондони этиб тайинланганди.

Сенатнинг Ҳарбий Кучлар Қўмитаси қаршисида сўзлар экан, Генерал Петреус Толибларга жиддий зарба етказилгани ва бир қанча минтақаларда уларнинг муваффақиятли ҳаракатлари барбод этилиб, орқага қайтарилганини айтди.

У жангу жадалнинг бориши ва коалициянинг сўнгги ҳарбий муваффақиятларидан умидлари кўп эканини айтди.

"Биз 2010 йилда эришганларимизни давом эттирамиз, аммо табиийки бу қатъий ва жиддий жанговор амалиётларни талаб қилади..." деб айтган Генерал Петреус.

Унинг айтганлари "Афғонистондаги вазият аста-секинлик билан бўлса-да, Америка, НАТО ва Афғон ҳукуматининг манфаатлари томон ўгирилмоқда, шу ёздан бошлаб, Афғон армиясига маъсулият юклана боради ва 2014 йилда эса, бу жараён ниҳоялайди", деган жумлага жам бўларди.

Одатдагидай, Генерал Петреус анчайин сокин ва тафсилотларга эътиборли эди. Аммо, америкаликларнинг учдан икки қисми сўнгги омма сўровларига кўра, Афғонистондаги уруш "жанг қилишга арзимайди" деган фикрда.

Жамоатчиликнинг бу қадар шубҳа-гумонларга тўла қарашларидан қатъий назар, Америка ҳарбийлари ҳамон Афғонистон масаласини жиддий қабул қилишмоқда.

Агар Америка Афғонистонда муваффақиятга эришиладиган бўлса, бутун Жанубий Осиёдаги хавфсизлик масаласини Вашингтон манфаатлари томон ўзгартиришга қодир бўлади.

Шунда ҳам, Генерал Петреус муваффақиятлар ҳамон нозик бир паллада эканини, тескари ўйнаб кетиши эҳтимоли борлигини айтган. Унинг айтишича, ҳарбий ютуқларни хавф остига қўймаслик учун етарлича заҳира ажратилиши керак.

Сенатор Жон Маккейин ўз чиқишида, Афғонистонда ҳукуматбарорлик ва коррупция масаласини тилга олган.

"Америкалик солиқ тўловчилар бу урушга ажратилаётган йирик молиявий маблағлари исроф қилинмаётгани ва ё Афғон мулозимлари томонидан нотўғри йўлда сарфланмаётгани ёки ўғирланмаётганини билишни истайдилар", деб айтган Сенатор Маккейн жаноблари.

Ўтган ҳафта Америка Мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистонга эълон қилинмаган сафари давомида Америка Афғонистондан ўз кучларини олиб чиқишни шу йил июл ойида бошлаши эҳтимоли ҳақида гапирганди.

У, шунингдек, НАТО ҳужумлари оқибатида тўққиз нафар афғон болаларининг ўлими юзасидан узр сўради.

Президент Обамага кўра, Афғонистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувига тинч аҳоли орасидан берилаётган қурбонлар асосий сабаб бўлиб қолмоқда.