Япония атом реакторларини совутиш ҳаракатларини кучайтирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

17 март

Япония ҳукумати "Фукусима-Дайичи" атом электр станцияси реакторларини совутиш саъй-ҳаракатларини кучайтираётганини айтган.

Ҳарбий вертолётлар ёқилғи идишлари эриб кетишини олдини олиш учун реакторлар устидан тонналаб ҳажмда сув қўйилмоқда.

Сув пуркагичлар ҳам ишга солиниши ва тез орада электр таъминоти қайта тикланишига умид қилинмоқда.

Айни пайтда Қўшма Штатларда Япониядаги ушбу инқироздан хавотирлари кучайиб бормоқда. Ўтган жума куни магнитудаси 9.0ни ташкил этган зилзила цунамига туртки берганди. Ушбу табиий офат қурбонлари сони ҳозир 5,000 экани тасдиқланди.

Полициянинг айтишича, 5,178 инсон нобуд бўлган ва яна 8,606 киши бедарак қолмоқда.

16 март

Япония Императори Акихито жума кунги зилзила ва цунами ортидан мамлакати юз тутаётган инқироздан "ўта ташвишда" эканини билдирган.

Телевизион орқали ноодатий жонли чиқишида Император Акихито ўз халқи ҳаққига дуо қилаётганини айтди. Бу Императорнинг табиий офат рўй берганидан буён халққа илк мурожаатидир.

Айни пайтда техниклар зилзиладан катта зиён етган ядровий иншоотни ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Магнитудаси 9.0ни ташкил этган зилзила ва цунами минглаб одамларнинг умрига зомин бўлди.

15 март

Япония расмийларига кўра, жума кунги зилзила ва цунамидан шикастланган "Фукусима-1" Атом электр станциясида радиацион инқироз кучаймоқда, нурланиш даражаси инсонлар организмга зарар етказадиган баланд даражага кўтарилган.

АЭСнинг учинчи реакторида ҳам портлаш рўй берган, портлаш натижасида келиб чиққан ёнғин атмосферага бир неча соат мобайнида радиация тарқатган.

Япония Бош вазири Наото Кан "Фукусима-1" АЭСининг 20 километрлик радиусида истиқомат қиладиган ҳар бир одамнинг ҳудудни тарк этиши лозимлигини айтган.

Ядровий иншоотдан 20 ва 30 километр узоқликда яшайдиган инсонларнинг уйдан ташқарига чиқмасликлари ва деразаларни ёпиб ўтиришлари маслаҳат берилган.

Япония шикастланган АЭС реакторларини совутиш учун халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради.

"Фукусима-1" Атом электр станциясида яна портлаш юз бериши эҳтимоли борлиги айтилмоқда.

Шу кунгача икки минг тўрт юз инсон жасади топилган, бир неча ўн минг киши бедарак кетган.

500 мингдан ортиқ одам ўзларининг яшаш жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар.

Жаҳондаги 91 мамлакат Японияга кўмак йўлламоқда.

14 март

Зилзиладан шикаст еган Фукусима атом электр станциясида яна бир портлаш юз берган. Расмийлар учинчи реакторнинг совутгичлари ишдан чиққанини билдиришди.

Портлаш ортидан ҳавога катта миқдорда тутун кўтарилган, бироқ Япония ҳукумати реактор контейнери зарар кўрмагани ва радиациянинг назоратсиз сирқиб чиқиши ҳавфи оз эканини айтмоқда.

Токио Электр Қуввати ширкати иккинчи реактор ҳам қизиб кетмаслиги учун денгиз сувини қуйишни режаламоқда.

Айни дамда цунами остида қолган Мияги вилоятида икки мингга яқин одамнинг жасади топилган.

Портлаш

Телевидение орқали Фукусима Дайичи заводида 1-реактор портлаганидан икки кун ўтиб, 3-реактордан ҳам тутун бурқсиб чиқаётгани намойиш этилди.

Расмийларнинг айтишича, бу портлаш ҳам водород босими ошиб бориши оқибатида юзага келган.

Ўн бир нафар одам жароҳат олган, улардан бирининг аҳволи ўта жиддий.

Ҳукумат портлаш ортидан реакторнинг ўзи омон қолгани, ҳамда радиация даражаси қонуний чеклов доирасида эканини билдирди.

Бироқ, ёрдам амалиётларида иштирок этаётган АҚШ ҳарбийлари ўз учоқлари денгиздан 160 чақиримча узоқликда паст даражали радиацияни илғашлари ортидан, ҳудудни ташлаб чиқишганини билдиришган.

Мутахассислар жума кунидан бери Фукусима Дайичи заводидаги учта реакторни совутишга уринишмоқда.

Зилзила ва цунами заводдаги совутгичларни буткул барбод қилган.

Экспертлар 1980-йиллардаги Чернобил атом станцияси фалокатига ўхшаш фалокат юз бериши хавфи ўта оз экани, чунки реакторлар ўта замонавий усулда қурилгани ва қатъий хавфсизлик чоралари кўрилганини айтишмоқда.

Талофат

Япон матбуоти хабарларига кўра, Мияги вилояти қирғоқларида икки минг одам жасади топилган.

Би-би-сининг Минами Санрику порт шаҳридаги мухбири Рейчел Харвига кўра, денгиз қирғоғидаги икки чақиримлик ҳудудда ҳамма нарса буткул текислаб ташланган.

Унинг айтишича, бу ҳолатда омон қолганларни топиш амримаҳолдир.

Япон полицияси шу вақтгача 1597 инсони талофатни тасдиқлади, аммо якуний кўрсатгич анча юқори бўлишидан хавотирлар бор.

Айни дамда пойтахт Токиода ҳали ҳам ер силкинишлари юз бериб турибди.

Яна йирик зилзила юз бериши хавфи борасида огоҳлантирилган.