Сўнгги янгиланиш 23 март 2011 - 09:26 GMT

Жонли эфир: Ливияда АҚШ учоғи қулаб тушган

Ливияда парвозлар тақиқланган ҳудудни барпо этиш мақсадида АҚШ, Британия ва Франция ҳужумларини бошлаганидан кейин илк бор телевизион кадрда пайдо бўлган Муаммар Қаддофий рақиблари устидан ғалаба қозонишга ваъда берди.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийнинг Триполидаги Баб ал-Азизия мажмуасида кўплаб одамлар қуршовида гапиргани телевидение орқали намойиш этилган, бу мурожаат уч дақиқача давом этган.

"Ҳаво ҳужумларига қарши энг қудратли муҳофаза бу халқ. Мана халқ, мана ҳаво ҳужумига қарши ҳимоя", деб айтган Муаммар Қаддофий ёнидаги одамларни кўрсатиб.

"Ҳозир салбчи мамлакатлар Исломга қарши янги салб урушини бошлаганлар. Яшасин ҳамма жойда Ислом. Бу урушда барча Ислом армиялари қатнашиши керак. Охир-оқибат биз ғалабага эришамиз. Қисқа фурсатли урушда ҳам, узоқ муаддатли урушда ҳам биз уларни енгамиз", деган Муаммар Қаддофий.

Айни пайтда Америка телевидениесида гапирган АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг айтишича, Муаммар Қаддофий ёнидаги одамлар мамлакат келажагини муҳокама этиш мақсадида дунёга чиқмоқдалар.

"Бизга маълум бўлишича, унинг яқин тарафдорлари бутун дунёдаги - Африкадаги, Яқин Шарқдаги, Оврўпо, Шимолий Америка ва бошқа жойлардаги таниқли одамларга мурожаат қилишаяпти. Нима қилайлик, деб сўрашаяпти. Нима қилайлик? Бу вазиятдан қандай чиқайлик? Кейин нима бўлади?", деб сўрашаяпти деб айтган АҚШ давлат котибаси.

Клинтон хоним сўзларига кўра, мулоқотга чиққан кишилар Муаммар Қаддофий номидан гапираётганларини айтганлар.

Ливия ҳудудига ҳаво ҳужумлари давом этмоқда, чоршанба куни тонгида ҳам пойтахт Триполи атрофида портлашлар эшитилган.

22 март

Ливияда Америка учоғи ерга қулаган. Учоқдаги икки учувчи ҳам қутқариб олинган. Би-би-си билан суҳбатда АҚШ ҳарбий воизи фалокат Ливия ҳужуми оқибатида содир бўлгани ё бўлмагани аниқ эмаслигини айтган. Ливияда исёнчилар ва Полковник Қаддофийга содиқ қўшинлар ўртасида жанг давом этмоқда.

Ғарбдаги Мисрата шаҳридан гапирган шифокорга кўра, ҳукумат кучлари шаҳарда ҳеч кимни аямай ўт очмоқда. У тун оша 22 киши ҳалок бўлгани ва юздан ошиқ одам жароҳат олганини хабар қилди.

Жанг Триполи жануби-ғарбидаги Зинтон шаҳрида ҳам бўлиб ўтгани айтилади.

Айни дамда Ливия шимолидаги исёнчилар ҳудуддаги инсонпарварлик вазиятини муҳокама қилиш учун Бирлашган Миллатлар расмийлари билан учрашганлар.

Ливия шарқига озиқ-овқат ҳали ҳам Мисрдан олиб келинмоқда, бироқ исёнчилар назорати остидан ҳудудлар Ливиянинг бошқа қисмларидан ажралиб қолган.

БМТнинг UNICEF болалар жамғармаси хабар қилишича, тобора кўп аёллар ва болалар ҳарбий амалиётлардан қочиб, Тунис чегарасини кесиб ўтишмоқда.

Би-би-си дипломатик масалалар бўйича мухбирининг айтишича, Ливиядаги халқаро ҳарбий амалиётларга бўлган танқидлар ошиб бормоқда, ҳамда амалиётларнинг келажаги қандай бўлиши борасидаги ноаниқлик чуқурлашган.

Россия Бош Вазири Владимир Путин амалиётларни ўрта асрлардаги салб урушларига қиёслаган. Бироқ, Президент Дмитрий Медведев дарҳол бу баёнотни қоралаб чиққан.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясини қўллаб-қувватлаган Жанубий Африка эса оташкесим эълон қилинишига чақирмоқда.

Британия ва АҚШ ҳарбий амалиётларни НАТО бошқаришини исташади, бироқ Франция бунга қарши чиққан.

Муаммар Қаддофий нишон ёки нишон эмаслиги борасида ҳам иттифоқчилар ўртасида фарқлар юзага келган.

Жонли эфир инглиз тилида.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.