Олмонияда онаси қолиб, одам боласи вояга етказган айиқ ўлиб қолди

Image caption "Кнут" ўз севгилиси билан

Олмониялик экспертлар ўтган душанба куни тўсатдан ўлиб қолган дунёга машҳур оқ айиқ "Кнут"нинг жасадини ёриб кўришмоқчи.

Тўрт ёшли айиқча "Берлин" ҳайвонот боғига келган томошабинларнинг кўз ўнгиларида бир неча бор думалаб, ерга йиқилган ва кутилмаганда жон таслим қилган.

"Кнут"нинг таваллуди 2006 йилда дунёнинг кўплаб оммавий-ахборот воситаларида катта шов-шувга сабаб бўлганди.

"Кнут" Берлин ҳайвонот боғида туғилганди. Аммо Шарқий Олмониядаги собиқ цирк айиғи бўлган онаси ундан юз ўгирганди.

Онаси қарамагандан кейин, ҳайвонот боғи ходими уни худди ўз боласидек авайлаб, бир ярим ой инкубаторда парвариш қилади. Тунларини айиқ боласи билан бирга ўтказади.

У билан танишиш маросимида ўзиям тўрт юзта журналист иштирок этишади.

Ўзининг қанчалар ширин ва ёқимтойлиги билан "Кнут" дунё бўйлаб кўпчиликнинг эътиборига тушади.

Кнутмания бошланиб, Берлин ҳайвонот боғига ташриф буюрувчиларнинг ҳам сони ортади.

"Кнут"га атаб китоблар ёзилади, DVDлар ишлаб чиқарилади.

Ўз навбатида айиқни уй ҳайвонидек парвариш қилиш ноинсонийдир, дегувчиларнинг сони ҳам кўпаяди.

Энди эса, "Кнут" бор-йўғи тўрт ёшда ҳаммани ҳайратда қолдириб, кутилмаганда жон таслим қилди.

Оқ айиқлар одатда 20 ёшгача умр кўришади. Шу сабабдан ҳам, экспертлар "Кнут"нинг тасодифий ўлими сабабини аниқлаш учун унинг жасадини ёриб кўришмоқчи.