Юқори сув босими

Сув инсониятга турли шакл ва йўллар билан келади - кимдир сувни ариқ, дарё ёки кўлдан олиб ичади, кимларнингдир чуқур қудуқдан заҳмат чекиб оби-ҳаётни тортиб чиқаради, яна кимдир музни эритишга қўйиб қўйса, баъзилар ёмғир ёки қор ёғишини кутадилар.

Бироқ қайта тикланадиган сув манбаларининг "тортилиб бораётгани"нинг миқдори турли мамлакатларда турлича кечаётир.

Айрим мамлакатлар сувга бой, аммо улар ҳам баъзи-баъзида қурғоқчилик билан юзма-юз келиб турадилар. Баъзи мамлакатлар ҳар бир томчи сувни тежашга интиладилар, бироқ у ерларда ҳам сув тошқинлари рўй беради.

Иқлим ўзгариши боис қаерда нима бўлишини олдиндан башорат қилиш тобора мушкуллашмоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат ва деҳқончилик масалалари бўйича ташкилоти FAO фойдаланилаётган сув миқдори мавжуд қайта тикланадиган сув манбалари заҳирасидан кўпайиб кетаётган жаҳондаги икки ҳудудга эътибор қаратади.

Биринчи ҳудуд чучук сув сарфи заҳирадаги сув миқдоридан 500% зиёдни ташкил этаётган Араб ярим оролидир. Бу зарур ичимлик суви четдан танкерларда ёки қувурлар воситасида ташиб келинаётгани ёки денгиз суви шўрсизлантирилиб чучуклантирилаётганини англатади.

Покистон, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ҳам йирик сув инқирози билан рўпара турипти - бу мамлакатлар имкони бор сув ресурсларининг деярли 100% ини ишлатадилар. Эрон ҳам қайта тикланадиган сувнинг 70% ни сарфлайди. Босим остида бўлган яна бир ҳудуд Шимолий Африка ҳисобланади. Чучук сув муаммоси Ливия ҳамда Мисрга қисман таъсир кўрсатади. Бутун минтақа миқёсида олинадиган бўлса, Шимолий Африка мамлакатлари мавжуд чучук сув манбаларининг ярмини истеъмол қилади. Бу ерларда асосий муаммо катта ҳудудларнинг қуруқ эканида эмас, дунё аҳолисининг катта сондаги қисми яшашидадир.

Мисол учун, Жанубий Осиё тоза ичимлик суви заҳираларининг 57 фоизидан фойдаланади, бироқ бу минтақа глобал аҳолининг учдан бир қисми ватани ҳисобланади. Шундай экан, сув тақчиллигининг озгина ошиши, иқлим ўзгариши, суғориш учун ёки истеъмол учун кўпроқ сувдан фодйланишнинг бошланиши миллиардлаб инсонларнинг ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин. Шарқий Осиёда чучук сув истеъмоли атиги 20 фоиз атрофида, аммо бу ерда ҳам жаҳон аҳолисининг учдан бири истиқомат қилади. Қоғозда Океания сув истеъмоли борасида энг бехавотир минтақа бўлиб кўриниши мумкин, лекин бу ерда ҳам муаммо мавжудлиги кўзга ташланади, ё сув ҳаддан зиёд кўп ёки тўсатдан сувга муҳтожлик бошланиб қолади. Бунга яқинда Австралияда юз берган сув тошқинлари ёки олдинги йиллари кузатилган қурғоқчиликни мисол қилиб келтириш мумкин.

Бутун жаҳон миқёсида олинса, Ер курраси ўзининг ички қайта тикланадиган сув ресурсларининг атиги тўққиз фоизидан фойдаланади, аммо дунё харитасига назар ташланса, бу фойдаланиш нақадар нотекислигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.