Алишер Усмоновнинг "Арсенал"даги улушлари яна кўпайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи emirates stadium

Асли ўзбекистонлик Россия миллиардери Алишер Усмонов Премьер-Лигадаги "Арсенал" футбол клуби акциялар пакетидаги ўз улушини кўпайтирган.

Алишер Усмонов ҳамда унинг бизнес шериги Фарҳод Моширийга тегишли бўлган сармоя ширкати - Red & White Holdings баёнот эълон қилган, бу баёнотда ҳиссалар миқдори 26 фоиздан "27 фоиздан зиёд"роққа оширилгани маълум қилинган.

Бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.

Ассошиейтед Пресс ахборот агентлиги "Арсенал" футбол клубининг энг кўп акциялари ҳамон америкалик бизнесмен Стив Кронке қўлида экани ҳақида ёзади.

Стив Кронке "Арсенал"нинг 29 фоизлик ҳиссалари эгаси ҳисобланади.

Стив Кронкедан фарқли ўлароқ, жаноб Усмонов клуб директорлари кенгашининг аъзоси ҳисобланмайди.

"Арсенал"нинг учдан бир қисмидан кўпроқ ҳиссасига соҳиблик қилган жисмоний ёки юридик шахс клуб мутлақ назоратини ўз қўлига олиш учун қолган ҳиссадорларга ўз ҳиссаларини сотишни расман таклиф этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Усмонов "Арсенал"га ҳамсоҳиблик қилишни 2007 йилда бошлаганди.

У ўшанда клубнинг қарийб 15 фоиз ҳиссасини 75 миллион фунт-стерлингга сотиб олганди.

Red and White Holdings ширкати ўз улушини 2007 йил сентябрида 23 фоизга, 2008 йил февралида 24, ноябр ойида эса 24,9 фоизга етказган эди.

2009 йил декабрида "Арсенал"даги ҳиссалар 25 фоиздан оширилган.