Муаммар Қаддофий: 'Ҳамма душманлар устидан ғалаба қозонамиз'

Ливияда парвозлар тақиқланган ҳудудни барпо этиш мақсадида АҚШ, Британия ва Франция ҳужумларини бошлаганидан кейин илк бор телевизион кадрда пайдо бўлган Муаммар Қаддофий рақиблари устидан ғалаба қозонишга ваъда берди.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийнинг Триполидаги Баб ал-Азизия мажмуасида кўплаб одамлар қуршовида гапиргани телевидение орқали намойиш этилган, бу мурожаат уч дақиқача давом этган.

"Ҳаво ҳужумларига қарши энг қудратли муҳофаза бу халқ. Мана халқ, мана ҳаво ҳужумига қарши ҳимоя", деб айтган Муаммар Қаддофий ёнидаги одамларни кўрсатиб.

"Ҳозир салбчи мамлакатлар Исломга қарши янги салб урушини бошлаганлар. Яшасин ҳамма жойда Ислом. Бу урушда барча Ислом армиялари қатнашиши керак. Охир-оқибат биз ғалабага эришамиз. Қисқа фурсатли урушда ҳам, узоқ муаддатли урушда ҳам биз уларни енгамиз", деган Муаммар Қаддофий.

Айни пайтда Америка телевидениесида гапирган АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг айтишича, Муаммар Қаддофий ёнидаги одамлар мамлакат келажагини муҳокама этиш мақсадида дунёга чиқмоқдалар.

"Бизга маълум бўлишича, унинг яқин тарафдорлари бутун дунёдаги - Африкадаги, Яқин Шарқдаги, Оврўпо, Шимолий Америка ва бошқа жойлардаги таниқли одамларга мурожаат қилишаяпти. Нима қилайлик, деб сўрашаяпти. Нима қилайлик? Бу вазиятдан қандай чиқайлик? Кейин нима бўлади?", деб сўрашаяпти деб айтган АҚШ давлат котибаси.

Клинтон хоним сўзларига кўра, мулоқотга чиққан кишилар Муаммар Қаддофий номидан гапираётганларини айтганлар.

Ливия ҳудудига ҳаво ҳужумлари давом этмоқда, чоршанба куни тонгида ҳам пойтахт Триполи атрофида портлашлар эшитилган.