'Зиддият ва зўравонликлар туфайли ўз ватанида ватансиз қолганлар сони ортган'

Ҳисоботда марказий Осиё давлатлари, хусусан Қирғизистондаги ўтган йилги зўравонликлар оқибатида ватансиз қолган минглаб инсонлар тақдири ҳақида ҳам сўз боради
Image caption Ҳисоботда марказий Осиё давлатлари, хусусан Қирғизистондаги ўтган йилги зўравонликлар оқибатида ватансиз қолган минглаб инсонлар тақдири ҳақида ҳам сўз боради

Қароргоҳи Женевада жойлашган ўз юртида қочқинга айланганларни кузатиш марказига кўра, ватанида зиддият ва зўравонликлар туфайли ўз турар жойларидан мосуво бўлган инсонлар сони ортган.

Бугун улар қарийб ўттиз миллионни ташкил этади. Ўтган ўн йил ичида бу энг юқори кўрсаткичдир.

Бу ҳисоботда марказий Осиё давлатлари, хусусан Қирғизистондаги ўтган йилги зўравонликлар оқибатида ватансиз қолган минглаб инсонлар тақдири ҳақида ҳам сўз боради.

Ҳисобот инсонни ларзага соладиган манзарани чизади. Ўтган ўн йил ичида дунё турфа зиддиятлар ичида қолар экан, ўз ватанида ватансиз қолганлар сони ўн миллиондан ортиқроққа кўпайган.

Бутун бошли жамоалар ўз ватанларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар. Ҳисобот муаллифларидан бири Элизабет Расмуссон Сомалидаги жанглар туфайли ватанида ватансиз қолганларнинг ўта абгор ҳолатлари урғулади.

Фил суяги Қирғоғидаги сиёсий можаролар оддий одамларнинг ҳаётига қанчалар салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирди.

Аммо, ҳисоботда айрим ижобий ўзгаришлар ҳам тилга олинган. Ватанда ватансиз қолаётганлар сони Африкада нисбатан озаётгани айтилади. Аммо Колумбиядаги зиддиятлар камида уч ярим миллион инсонни бошпанасидан айирган. Ёки Мексикада ватансизликка мажбур бўлганлар сони ўтган давр давомида Афғонистондагидан ҳам юқорироқдир.

Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қирғизистон

Оврўпо ва Марказий Осиё давлатларига ҳисобот бир алоҳида бўлимда жой ажратган ва бу минтақада ватанда ватансиз қолаётганлар сони бўйича Туркия биринчи ўринни эгаллаган.

Тадқиқотларга кўра, Курд ишчи партияси ПКК билан ҳукумат қўшинларининг 25 йиллик қарама қаршилиги туфайли бир миллион атрофида туркияликлар ўз яшаб турган жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишган. Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ можароси эса қарийб ярим миллион озарини ватанида ватансиз бўлишга мажбур қилган.

Энди Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистондаги ўтган ёз кечган зўравонликлар тилга олинади ва ана шу қонли зўравонликлар оқибатида 300 000 инсон ватанда ватансиз бўлиб қолишгани айтилади.

Ҳозирги пайтда бу кўрсаткич анча озайган ва 75 минг атрофидадир... Улар аввалига қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар ва кейинчалик яна ватанга қайтарилган.

Ҳисобот Қирғизистонда кечган ҳарбий ҳужумлар, жинсий зўрлаш, гаровга олиш, ўт қўйиш ва қароқчилик одамларни ўз ватанларини ташлаб чиқишга мажбур қилган.

Юзлаб инсонлар қурбон бўлган. Зўравониклар туфайли 300 000 инсон ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлгани урғуланар экан, уларнинг кўпчилиги ўзбек миллатига мансуб бўлишгани ҳам айтилади. Қурбонларнинг ҳам аксарияти ўзбеклар экани маълум.

Бугунги кунда аксарият ватанга қайтган деб саналсада, 75 минг атрофида ўз ватанида ватансиз қолаётганлар бор. Зўравониклардан кейин кўпчилик ўз дўстлари ва қариндошлариникидан паноҳ топган.

Айримлар вайронага айланган уйларида жон сақлашган. Ҳисоботда Ўшдаги аҳолининг қирқ фоизи ўзбек миллатига мансублиги аммо маҳаллий ҳукумат вакиллари асосан қирғизлар экани ҳам айтилади.

Ўзбекларга нисбатан камситиш ҳолатлари ҳақида хабарлар оқими тўхтагани йўқ. Бу қонли зўравонликлардан кейин қарийб бир йил вақт ўтса-да, ҳисобот муаллифларининг ёзишларича, бу минтақада ҳамон ҳақоратлаш, камситиш ва умуман инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол поймол этилиши, баъзида маҳкамалар ва полиция томонидан қонунсизликлар давом этмоқда...