Украинанинг собиқ президентига расман айблов қўйилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кучма мазкур айбловлар ўзига қарши провокация эканини айтади

Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучма мамлакат бош прокуратураси 2000 йилда мухолифатчи журналистнинг ўлдирилиши билан боғлиқликда унга расман айблов қўйганини маълум қилди.

Журналистлар билан суҳбатда жаноб Кучма ўзига қўйилган айбловлар тафсилоти ҳақида гапирмади, бироқ терговчи билан учрашуви келгуси душанба куни бўлиб ўтишини билдирди.

Журналист Георгий Гонгадзе Киев шаҳрида ўғирлаб кетилиши ортидан, бошсиз жасади шаҳар яқинидаги ўрмондан топилганди.

Интерфакс-Украина хабар қилишича, собиқ президент Гонгадзе иши бўйича айбланаётган яна бир расмий, Ички Ишлар Вазирлигидаги ташқи назорат бўлимининг собиқ раҳбари Алексей Пукач билан юзма-юз учраштирилган.

Кучманинг айтишича, Пукач бу учрашув чоғида жиноятга буйруқ берганлар ҳақида гапира туриб "Кравченко, Кравченко, Кравченкодан бошқа ҳеч кимни" тилга олмаган.

Прокурорларда бор расмий версияга кўра, собиқ Ички Ишлар Вазири Юрий Кравченко Гонгадзе қотиллигига буйруқ берган асосий шахсдир, қотилликни бевосита амалга оширган кишилардан бири эса генерал-лейтенант Пукач.

Агентлик урғулашича, Кучма учрашув чоғида Украина парламентининг собиқ спикери Владимир Литвин исми янградими деган саволга жавоб беришдан бош тортган.

Баъзи қарашларга биноан, айнан Литвин Кучманинг айбланишидан манфаатдор бўлган, чунки у давлат тўнтарилишини уюштирмоқчи эди.

Литвиннинг ўзи бу иддаоларни туҳмат дея баҳоламоқда.

Собиқ президент Кучманинг Гонгадзе ишига аралашишига сабаб Кучманикига ўхшаш овоз ёзилган аудитасмадир. Унда бу овоз журналист билан "шуғулланиш"га буйруқ беради.