Сўров: Россияда Путиннинг ҳам, Медведевнинг ҳам рейтингги кескин пасайган

Янги сўров натижаларидан аён бўлишича, Россия Президенти Дмитрий Медведев, Бош вазир Владимир Путин ва унинг ҳукуматига халқнинг ишончи рекорд даражада пасайиб кетган.

"Левада" маркази томонидан 18-21 март кунлари олиб борилган сўров таҳлилига кўра, бор-йўғи 66 фоиз киши унинг фаолиятини маъқуллашган, холос. Ўтган йил эса, бу кўрсаткич 75 фоизни ташкил этган.

Владимир Путиннинг Бош вазирлигини ижобий баҳоловчиларнинг сони ҳам бу йил 10 фоизга камайиб, 68 фоизни ташкил этган.

Сўровда иштирок этганларнинг чорак қисми эса, на-да Дмитрий Медведев ва на-да Владимир Путинни 2012 йилги президентлик сайловларига номзод сифатида кўриш истаклари йўқлигини билдиришган.

"Шошманг"

"Левада" маркази хулосаларига кўра, аҳолининг Россия ҳукуматига бўлган ишончи ҳам қарийб 10 фоизга камайган. Яъни алоҳида сиёсатчилар эмас, мамлакатдаги мавжуд вазиятга нисбатан танқидий қарашлар кучайган.

Сўров қатнашчиларининг қарийб ярмига кўра, жорий ҳукумат бу яқин орада вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга қодир эмас. Бор-йўғи бир йил аввал эса, бундай фикрда бўлганларнинг сони 30 фоизга ҳам етмаган.

Аммо социологлар буни мавсумий "толиқиш"га йўйиб, сўров натижаларидан жиддий хулоса чиқармасликка чақиришмоқда.

Марказ ходимининг Би-би-сига айтишича, кишилардаги ижтимоий норозилик ва ўзгаришлар истаги баҳорнинг дастлабки ойларига тўғри келади.

Унга кўра, ёз ва куз мавсумларида россияликларнинг ҳукуматга нисбатан муносабати яхшиланиши мумкин: "Сайлов арафасида ваъдалар берилади, молиявий мажбуриятлар олинади," дейди марказ эксперти.

2008 йилда Гуржистон билан бўлиб ўтган қисқа урушда қўллари баланд келиши ортидан Медведев ва Путиннинг рейтинглари осмонга сапчиб кетганди.

Омиллар

"Левада" марказига кўра, Россия аҳолиси орасида норозиликнинг кучайиб боришига энг аввало иқтисодий вазият сабаб бўлмоқда экан.

Марказ олиб борган сўров натижаларидан аён бўлишича, россияликларнинг ярмидан кўпроғи иқтисодий инқироз барҳам топмади, учдан бир қисми эса, ҳали қийин кунлар олдинда, деб ҳисоблашар экан.

Иккинчи ўринда турувчи омил эса, коррупция ва ижтимоий устунликлар бўлиб чиққан. Сўровда иштирок этганларнинг 80 фоизи бу икки омилни мамлакатнинг тараққиёти йўлидаги асосий ғов сифатида кўришган.

Аммо марказ эксперти Медведев ва Путиннинг рейтингги бир хилда тушиб бораётгани боис, ушбу воқеиликка икковлон орасидаги келишмовчилик ва президентлик сайловларида ғолиб чиқиш имкониятлари контекстида қараш нотўғри бўлишини айтади.

"Левада" марказига кўра, аксарият россияликлар икковлонни ҳануз "ягона" сиёсатчи сифатида кўришади ва улардан қай бирининг бўлажак президентлик сайловларида қатнашишига алоҳида эътибор қаратиб ўтиришмайди.