АҚШ Президенти Барак Обама Ливияга қарши ҳарбий амалиётларни ҳимоя қилиб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ Президенти Барак Обама мамлакатининг Ливиядаги иштироки чекланган бўлишини айтиб, ўз раҳбарлиги остида уюштирилган илк ҳарбий ишғолни ҳимоя қилиб чиққан.

Америка раҳбарига кўра, мамлакатининг коалициядаги иштироки "саноқсиз" инсонларнинг умрларини сақлаб қолган, аммо Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийни куч билан ағдариш хато бўлади.

Барак Обамага кўра, Ливияга қарши дастлабки ҳарбий амалиётларга бошчилик қилган эсалар-да, чоршанба куни масъулиятни Натога топширишади.

Айни вақтда исёнкорларнинг юришлари Муаммар Қаддофийнинг она шаҳри Сиртига келиб секинлашган.

Навбат Сиртига келди

Кеча Ғарб иттифоқчи кучлари Муаммар Қаддофийнинг киндик қони тўкилган Сирти шаҳрини ҳужумга тутганлар. Сирти ғарб томон олдинлаётган исёнкорлар учун асосий нишон ҳисобланади.

Ливия ҳукумати воизи Муса Иброҳимга кўра, шаҳар бандаргоҳида тинч аҳоли орасидан уч киши нобуд бўлган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, исёнкорлар Сиртини олганлари ҳақидаги хабар Бенғозида хурсандчилик билан кутиб олинган.

Яқиндагина НАТО Ливиядаги ҳарбий амалиётлар бўйича тўлиқ назоратни қўлга олган. Ҳарбий амалиётлар БМТнинг Ливия фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган резолюциясини амалга тадбиқ қилиш учун йўлга қўйилган.

Ливия ҳукумати воизи Муса Иброҳим НАТОни резолюция доирасидан ташқари чиқиб, тинч аҳолини ҳимоя қилмаётганликда айблаган.

Сиртидаги хориж мухбирлари шаҳар осмонида қирувчи учоқлар айланаркан, қатор кучли портлаш овозларини эштиганларини айтишган.

Бенғозидаги исёнкорлар воизига кўра, Сирти ҳозир исёнкор кучлар қўлларида, аммо бу даъволарни тасдиқлаш имкони бўлмаган.

Пойтахт Триполида ҳам қақшатқич портлаш овозлари эшитилган. Ливия расмийларига кўра, бир ҳафтадан ортиқроқ вақтдан бери давом этаётган ҳужумларда 100 инсон нобуд бўлган. Аммо, бу берилаётган рақамларни мустақил манбаълардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.

Иттифоқчи кучлар ҳаво ҳужумлари Полковник Қаддофийнинг ўз бошқарувига қарши исён кўтарган оддий аҳолига ҳужумларини тўхтатишга қаратилган. Ва бу исёнкор кучларнинг шарқдаги таянч нуқталари Бенғозидан ғарб томон илгарилашларига йўл очган. Аввалроқ, улар нефт бандаргоҳлари жойлашган Брега ва Рас Лануф шаҳарчалари назоратини қўлга киритишганди. Брегадаги исёнкорлардан бири ўз кучлари бу ерга етиб келган пайт у қадар қаршилик бўлмаганини айтган.