Хитой икки йил деганда илм-фан соҳасида АҚШни ортда қолдириши мумкин

Image caption Хитой илимий тадқиқот ишларига зўр бермоқда

Хитой келгуси икки йил ичида илмий тадқиқотлар бўйича Қўшма Штатлардан ҳам ўзиб кетиши мумкин. Бу башорат қилинганидан ҳам анча тезроқдир.

Британия Илм-фан миллий академияси томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, ўтган ўн йил ичида Хитойнинг илм-фан соҳасидаги тадқиқотлари ҳайратли даражада ошган.

Бир маҳаллар компасс, милтиқдори ё порох, қоғозни кашф этган деб ишониладиган мамлакат яна дунё илми саҳнасига қайтмоқда.

Хитой илм-фани сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, мисли кўрилмаган даражада юқорилаб бормоқда.

Билим, Тармоқ ва Мамлакатлар номли бу тадқиқотга кўра, илм-фан соҳасида анъанавий илғорлар саналган Америка, Оврўпо ва Япония яқин орада Хитойнинг соясида қолади.

1996 йилда Америкада қарийб уч юз мингта илмий иш нашр этилган, Хитой эса ўшанда 25 мингта илмий тадқиқот билан чекланган экан.

2008 йилга келиб Америкада айни кўрсаткич сезиларсиз ошиб, 316 мингни ташкил қилган. Хитойда эса ўсиш етти карра бўлиб, 185 мингга яқинлашган.

Аввалроқ ошкор этилган башоратларда Хитой 2020 йилга келиб илм - фан соҳасида АҚШдан ўзиб кетиши керак эди.

Аммо сўнгги башоратларга кўра, 2013 йилдаёқ Хитой илғорларнинг илғорига айланади.

Сўнгги тадқиқот муаллифларидан профессор Крис Левлин Смит Хитойнинг айни муваффақиятидан ҳайратга тушмаганини айтади.

Профессорга кўра, бу табиий ҳолат, чунки Хитой илмий тадқиқот соҳасига йирик сармоя ётқизмоқда.

1999 йилдан бери илм-фан соҳасига Хитой ҳукумати сармояси ҳар йили йигирма фоиздан ўсиб келмоқда.

Бугунга келиб ана шу сармоя ҳажми 100 миллиард доллардан ортиб кетган ва табиий фанлар, инженерлик соҳасида университетларда 2006 йили бир ярим миллион талаба ўқиган.

Аммо шунда ҳам илмий тадқиқотларнинг сифати ва ишончлилиги борасида Ғарб, хусусан, Америка ва Британия илғорликни қўлдан беришгани йўқ.