Британия Бош Вазири: 'Иттифоқчи кучлар ҳужумлари Бенғозида қирғинни тўхтатиб қолди '

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Британия Бош Вазирига кўра, Бенғози каби шаҳарларда қирғиннинг олди олинган бўлса ҳам, Мисрата шаҳри аҳолиси Қаддофий ҳужумлари остида қолмоқда.

Лондонда Ливия келажагига бағишланган халқаро анужманнинг очилишида гапирган Британия бош вазири Дэвид Камерон ғарб иттифоқчи кучлари Бенғозида қирғиннинг олдини олиб қолганлари ва Ливия учун озодилик имконини яратганликларини айтди.

"Лекин Мисрата шаҳри ҳануз Қаддофий кучларининг қонли ҳужумларидан азият чекмоқда", деди жаноб Кмерон.

Анжуманда сўзга чиққан АҚШ давлат котиби Хилари Клинтон иттифоқчи кучлари ҳужумлари Ливия раҳбари фуқароларга қарши амалларини тўхтатмагунга қадар давом этишини айтди.

Аввалроқ АҚШ Президенти Барак Обама мамлакатининг Ливиядаги иштироки чекланган бўлишини айтиб, ўз раҳбарлиги остида уюштирилган илк ҳарбий ишғолни ҳимоя қилиб чиққан.

Америка раҳбарига кўра, мамлакатининг коалициядаги иштироки "саноқсиз" инсонларнинг умрларини сақлаб қолган, аммо Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийни куч билан ағдариш хато бўлади.

Барак Обамага кўра, Ливияга қарши дастлабки ҳарбий амалиётларга бошчилик қилган эсалар-да, чоршанба куни масъулиятни Натога топширишади.

Ливиядаги вазиятнинг гоҳ бир томон гоҳ бошқа томон ўзгариб туриши дипломатик стратегияни ишлаб чиқаришда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Ҳозирда Ливия Қаддофий ва исёнчилар қўлида иккига бўлиниб қолгандек, Лондондаги анжумандан мақсад бундан буёғига ғарб иттифоқчи кучларининг йўриғини ишлаб чиқиш.

Айни вақтда Қаддофийсиз мустақил Ливия учун сиёсий келажак башоратларини ҳам кўриб чиқишга вақт ажратилади.

Анжумандан аввал Британия ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Ливиядаги мухолиф кучларнинг бир қисми номидан Ички Ўтиш Миллий Кенгаши вакили билан учрашди.

Лекин ҳануз қудратга ёпишиб турган Қаддофий мавжуд экан, иттифоқчи кучлар учун ҳарбий ва дипломатик босимни давом эттиришдан бошқа муқобил йўл йўқдек.

Лондондаги анжуманда 35 мамлакат вакиллари қатнамшмоқдалар.

Анжумандан аввал гапирган Британия Ташқи Ишлар вазири Уилям Хейг Муаммар Қаддофийни назарда тутуиб, инсониятга қарши жиноят содир этганлар халқаро маҳкамага тортилишлари керак, деб айтди.