Обама: 'Ливия исёнчиларига қурол етказиб бериш эҳтимоли йўқ эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption АҚШ президенти Ливия исёнчилари учун қуро-яроғ етказиб бериш эҳтимоли йўқ эмаслигини айтди.

АҚШ президенти Барак Обама Ливия исёнчилари учун америка қурол аслаҳаларини етказиб бериш эҳтимоли йўқ эмаслигини билдирди.

Америка телевидинеларига берган интервюсида жаноб Обаманинг айтишича, Ливиядаги исёнчилага қандай ёрдам берилиши кераклиги масаласи ҳануз кўриб чиқилмоқда.

АҚШ президентидан исёнчиларга қурол-яроғ етказиб бериладими, дея қайта-қайта сўрлаганида "мен бу каби эҳтимолни инкор ҳам этмайман, мавжуд ҳам деб айтмайман" дея жавоб берди.

Жаноб Обамага кўра ҳозирда "ҳамма мавжуд имкониятлар" кўриб чиқилмоқда.

АҚШ президенти Ливиядаги мухолифат кучларига инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва коммуникациялар соҳасида ёрдам етказилишини тасдиқлади.

Унга кўра, ғарб иттифоқчи кучларининг ҳужумлари оқибатида полковник Қаддофий режими ўта заиф ҳолга келтирилган.

"Менинг кутаётганим охир-оқибат Ливия раҳбари истеъфога чиқишидир", деб айтди жаноб Обама.

Айни вақтда Ливиянинг ўзида исёнчи кучлари Сирт ва пойтахт Триполи томон илгарила олмаяптилар.

Қаддофий кучлари уларни ортга итариб, аввал назорат остига олган баъзи ҳудудларини қайтариб олишга муваффақ бўлганлар.

Сешанба куни кечқурун исёнчилар Бин Жавод ва Рас Лануф шаҳарларини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.

Шанба куни исёнчилар қўлга олган Аждабия шаҳри аҳолиси Қаддофий кучлари яқинлашиб келаётганилигидан хавотирда.

Исёнчиларнинг Қаддофий кучларига тенг келадиган даражада қурол-яроғлари йўқлиги айтилмоқда.

Қурол-яроғлардан ташқари исёнчиларда ҳарбий уқув, профессионал аскарлар, интизом ва амалиётларни бошқарув тизими ҳам мавжуд эмасдир.