Президент Башар Асад ҳам норозилик чиқишлари ортида Сурияга қарши фитнани кўрмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Башар Асад Сурияда ислоҳотларни ваъда қилди

Президент Башар Асаднинг айтишича, Сурия мамлакатга қарши "фитна" ортида турганларни енгади.

Қарийб икки ҳафта олдин бошланган тартибсизликлар натижасида мамалакатнинг турли бурчакларида юздан ошиқ инсонлар ҳалок бўлиши ортидан бу Президент Асаднинг илк мурожаати бўлди.

Суриядаги намойишчиларнинг чақириқлари ва талаблари ҳам бошқа Араб давлатларида янграётган чақириқларни эслатди, яъни кўпроқ эркинлик, коррупциянинг тугатилиши, ва махбусларнинг озод этилиши.

"Сурия ташқаридан йирик фитнанинг нишонига айланди", деб айтган Президент Асад.

Унинг сўзларига кўра, одамларнинг "бошини айлантириб" кўчаларга чиқишга ундаганлар.

Зўравонликлар бошланганидан буён Сурия жанубидаги Дараа шаҳрида 60 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмган.

"Дараа ҳар бир сурияликнинг юрагида", деб айтган у.

Башар Асад сўзларига кўра, Дараа Суриянинг душмани Исроилнинг уруш жабҳаси бўлган.

Сурия раҳбарининг маърузаси парламент аъзоларининг олқишу-қарсаклари билан узилиб турган.

Президент Башар Асад, Сурияда ислоҳотлар ўтказилиши керак ва раҳбарлар халқ овозини тинглаши лозим, деб айтган.

"Ислоҳотларни босим бўлаётгани учун эмас, ўзимиз эълон қилдик. Ким ислоҳотни истаётган бўлса, биз шу ердамиз" деган Сурия раҳбари.

Жаноб Асаднинг чиқишида Сурияда бундан 50 йил илгари жорий этилган фавқулодда ҳолат тартибини бекор қилиши кутилган эди, аммо парламентдаги чиқишда бу ҳақда эълон этилмаган.

Фавқулодда ҳолат қонуни Сурия хавфсизлик кучларига диссидент шахсларни ҳибсга олиб, бирон бир маҳкамасиз ушлаб туриш ҳуқуқини беради.

Сешанба куни Сурия ҳукумати истеъфога чиққан, кўп сондаги оломон кўчаларга чиқиб, Башар Асадни қўллаб-қувватлашларини намойиш этганлар.

Бу намойишчиларнинг аксари ҳукумат томонидан кўчага олиб чиқилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Кутилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш вазифаси юкланган янги ҳукумат аъзоларининг шу ҳафта охирида эълон этилиши кутилмоқда.