Туркманистон Хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасидан олинди

Image caption Туркманистон президенти мамлакатда баъзи ислоҳотларга қўл урган, аммо сиёсий ўзгаришлар деярли рўй бермагани айтилади.

Туркманистон давлат матбуотининг хабар беришича, Миллий Хавфсизлик вазири Чоримурод Омонов ишдан олинди.

Мудофаа вазири Яайлим Бердиев Миллий Хавфсизлик вазири этиб тайинланган.

Давлат телевидениесида ўқиб эшиттирилган Миллий Хавфсизлик вазирининг ишдан олиниши ҳақидаги Президент фармонида унинг "ишда йўл қўйган камчиликлари" сабаб қилиб келтирилган, аммо тафсилотлар берилмаган.

Туркманистон телевидениеси шунингдек, Омоновни ишдан олиш қарори вазирлик фаолиятининг Бош Прокуратура томонидан текширилиши натижасида олинганлигини маълум қилди.

Чоримурод Омонов Миллий Хавфсизлик вазирлигига 2007 йилдан бери раҳбарлик қилиб келганди.

Кузатувчиларга кўра, Туркманистонда расмий мақомлардаги шахсларни ўзгартиришлар тез-тез рўй бериб туради ва биронта олий мақомдаги шахс узоқ йиллар вазифасида қолган эмас.

2006 йили Туркманистон президенти этиб сайланган Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакатни хорижий сармоядорлар учун очиш йўлида баъзи қадамларни қўйган, аммо сиёсий ўзгаришлар рўй бермагани айтилади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистонда матбуот ва сўз эркинлиги мавжуд эмаслиги, кўплаб мустақил журналистлар ва фаоллар тазйиқ остига олинганлиги айтадилар.