Муса Куса: мен ортиқ Муаммар Қаддофийга ишлашни истамайман

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ливия Ташқи ишлар вазири Муса Куса кутилмаганда Британияга келган.

Уни Британ расмийлари сўроқ қилмоқдалар.

Тунисдан келган Муса Куса Ливия ташқи ишлар вазири лавозимидан истеъфо берганини билдирган.

Британия Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, 60 ёшлардаги Муса Куса 30 март куни кечқурун Лондонга яқин Фарнборо аэропортига келиб қўнган.

"У бизга ўз лавозимидан кетмоқчи эканлигини айтди. Биз у билан буни муҳокама қилаяпмиз ва тафсилотини кейинроқ эълон қиламиз. Муса Куса Қаддофий ҳукуматидаги энг етакчи сиёсатчилардан бири ва унинг вазифаси режимни халқаро тақдим этишдан иборат бўлган. У ортиқ бу ишни қилишни хоҳламаяпти", деб айтган Британия Ташқ ишлар вазирлиги вакили.

Британия Ташқи сиёсат идораси Ливия ҳукуматидаги бошқа сиёсатчиларни ҳам Муаммар Қаддофийни ташлаб кетишга даъват этмоқда.

Британия жосуслик хизмати зобитлари Муса Куса билан суҳбатлашишни, унинг Ливия режими ҳақидаги чуқур билими бу режимни тезроқ тугатишга ёрдам беради дея умид қилмоқдалар, дейди Би-би-сининг дипломатик масалалар бўйича мухбири Хамфри Хоксли.

Мухбиримизнинг қўшимча қилишича, Тунисдан Муса Кусани олиб келган учоқ Британия ҳарбий учоғи бўлган, деб ишонилмоқда.

Муса Кусанинг Британияга келиши Ливия исёнкорлари ўзларининг асосий қароргоҳлари бўлган мамлакат шарқидаги мавқеларини бой бераётган пайтга тўғри келган.

Аксилқаддофий кучлар Брега шаҳридан тўла чекинганлар, ўзлари учун жуда муҳим нефт бандаргоҳига эга Рас Лануф шаҳрини ҳамда Бин Жаводни қўлдан бой берганлар.

Ливия ғарбидаги исёнкорлар назоратидаги Мисрата шаҳридан келаётган хабарларга кўра, Қаддофийга содиқ кучлар бу шаҳарга ҳам ҳужумларини кучайтирмоқда.

29 март куни Лондонда Ливиядаги вазият муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Шу куни Америка телевидениесига берган интервьюсида Президент Барак Обама Ливия исёнчиларига қурол-аслаҳаларини етказиб бериш эҳтимоли йўқ эмаслигини билдирди.

АҚШ матбуоти хабар қилишича, Президент Обама Ливия исёнкорларини дастаклаш режасини маъқуллаган.

Оқ Уй ҳамда Марказий Жосуслик Бошқармаси ушбу хабарларни шарҳлашдан бош тортганлар.