Қаддофий "элчиси" Лондонда музокаралар ўтказди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-сига маълум бўлишича, охирги бир неча кун мобайнида Ливия ҳукуматининг маҳсус элчиси Британия расмийлари билан музокаралар ўтказган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги бу борада тафсилотларни тақдим этмади, аммо Ливия расмийлари билан ҳар қандай мулоқот мобайнида Муаммар Қаддофий қудратдан кетиши лозимлигини уқтириб келаётганлигини маълум қилди.

Қаддофий элчисининг Лондонга сафари ҳақида Ташқи Ишлар вазири Муса Кусанинг Британияга қочиб келгани маълум бўлганидан сўнг хабарлар тарқади.

Би-би-си мухбирига кўра элчи Муҳаммад Исмоил Лондонга охирги бир неча кун мобайнида келган. У шунингдек Муаммар Қаддофийнинг ўғли Сайф ул-Исломнинг ёрдамчисидир.

Британия Ташқи Ишлар вазирлиги Ливия элчиси сафарини тасдиқламади.

Тахмин қилинишича, Ливия элчиси Муаммар Қаддофий учун қудратдан кетиш йўлларини муҳокама қилиш учун келган бўлиши мумкин. Айтилишича у ҳозир Ливияга қайтган.

Муаммар Қаддофийнинг ўғиллари, айниқса Сай ул-Ислом ва Мутассимлар оталари ёда бутун оила учун сиёсий саҳнадан кетиш стратегиясини муҳокама қилишга интилаётганликлари ҳақида миш-мишлар тарқамоқда.

Чоршанба куни Ливия Ташқи ишлар вазири Кусанинг Лондонга кутилмаган равишда келиши ортидан яна бир қатор Ливия расмийлари вазифаларидан кетмоқчи эканликлари ҳақида ҳам хабарлар бор.

"Ал-Жазира" телевидениесининг хабар беришича, Ливия Жосуслик хизмати вазири, Ташқи Ишлар вазири ўринбосари ва Халқ Кенгаши раислари ҳозир Тунисдалар ва хорижга чиқиб кетиш йўлларини изламоқдалар.

Аммо Ливия нефт вазири Шукри Ғаним Ливиядан кетиш илинжида эканлигини рад этди. Ливиянинг БМТга яқинда элчи этиб тайинланган Али Абдулсалом Треки эса ҳозирча вазифани қабул қилмаётганлиги айтилган.

Ливия ҳукумати сўзчиси бу шахсларнинг ҳаммаси ҳозирда мамлакат ичкарисида экани, аммо баъзилари турли иш сафарлари билан хорижга кетган бўлишлари мумкинлигини айтди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон жаноб Куса ўтмишда бирон жиноий ҳаркатларга алоқадаор бўлса, унга жавобгарликка тортилишдан дахлсизлик таъминланмаслигини айтди.

Ливиядаги вазият

Охирги хабарларга кўра, исёнчилар агарда Қаддофий кучлари шаҳарлардан чиқарилиб, тинч норозиликларга изн берилса оташкесимга рози бўлишларини билдирганлар. Лекин айни вақтда Қаддофийнинг қудратдан кетиши кераклиги ҳақидаги талаблардан воз кечмаймиз, деб айтишган.

Исёнчилар охирги бир неча кун мобайнида ташаббусни қайта қўлга олишда мушкулликларга юз тутмоқдалар.

Ҳукумат кучларининг қўли баланд келиб, Брега ва Рас Лануф шаҳарларини ташлаб чиққанларидан сўнг Ўрта ер денгизи соҳили бўйлаб бир неча маротаба илгари силжишга уриндилар, аммо уддасидан чиқмадилар.

АҚШ ҳарбийлари юқори лавозимли расмийсининг айтишича, ғарб иттифоқчи кучларининг ҳужумлари натижасида Муаммар Қаддофий кучларининг чораги йўқ қилинган, аммо ҳукумат кучлари ҳануз исёнчилардан кучлироқлар.

Мисрата шаҳри ҳануз Қаддофий кучлари томонидан артиллерия ва танк ҳужумларига тутилмоқда.

Айни вақтда НАТО Триполига ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок этилгани ҳақидаги хабарларни текшираётганини билдирди.

Аввалроқ Ватиканнинг Ливия пойтахтидаги вакили гувоҳларга таяниб 40 киши ҳалок бўлганлигини айтганди.