'Save the children':Миллионлаб ҳомиладор аёллар доя кўмагисиз туғишга мажбурлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи google
Image caption Эфиопия каби мамлакатларда ҳомиладор аёлларнинг 94 фоизга қадари доя кўмагисиз кўзи ёрийди.

'Save the children' хайрия ташкилотига кўра, йилига жаҳонда 48 миллион аёл, яъни ҳомиладор аёлларининг ҳар учдан бири доя кўмагисиз кўзи ёрийди.

"Агарда жаҳонда етишмайдиган 350 минг профессионал доя муаммоси ҳал қилинса, 1 миллион гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин", дейилади 'Save the children' ҳисоботида.

Туғиш жараёнида рўй берувчи муаммолар туфайли жаҳонда ҳар куни 1000 нафар аёл ва 2 минг гўдак оламдан кўз юмар экан.

Ташкилот жаҳон раҳбарларини ушбу муаммони ечиш йўлида сиёсий ирода кўрсатиб, доялар ва умуман соғлиқни сақлаш билан бўлган аҳволни яхшилашга даъват қилди.

Ривожланаётган мамлакатларда туғилаётган вақти кислород етишмаслиги оқибатида нобуд бўлувчи гўдаклар сони безгак касаллиги туфайли вафот этаётган гўдаклар сонидан ҳам кўпроқ экан.

Эфиопияда ҳомиладор аёлларнинг 94 фоизи доялар кўмагисиз кўзи ёрийди. Британияда бу кўрсатгич атиги 1 фоизни ташкил қилади.

Туғилиш вақтида оламдан кўз юмиш ҳоллари бўйича Афғонистон жаҳонда энг юқори ўринда. Мамлакатда туғилаётган ҳар 1000 чақалоқдан 52 нафари туғилиш вақтида нобуд бўлади.Ҳар беш гўдакдан бири эса 5 ёшга кирмай оламдан кўз юмади.

Афғонистонда туғилган чақалоқни "инс-жинслардан асраш учун", дея ерга қўйиш анаънаси ҳам инфекция туфайли кўплаб гўдакларнинг оламдан кўз юмишларига сабаб бўлар экан.

'Save the children' ташкилоти раҳбари Жастин Форситнинг айтишича, жаҳонда биронта аёл доя кўмагисиз кўзи ёриши керак эмас.

"Бу муаммони ҳал қилиш у қадар қийин эмас. Профессионал доя бўлмаса, болани туғилганидан сўнг нафас олиб кетишига ёрдам бера оладиган ва қандай қилиб хавфсиз сақлашни биладиган одам бўлиши муҳим. Ҳеч қандай бола ўлиш учун туғилмайди", деди Жастин Форсит.