Афғонистон: Қуръон ёқилганига қарши янги намойишларда яна одамлар ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCPashto.com

Қуръони Карим ёқилганига қарши Қандаҳор шаҳрида уюштирилган норозилик намойиши яна зўравонликларга айланиб кетган, камида беш инсон ҳалок бўлган.

Полиция билан тўқнашувда қирқтача киши яраланган.

АҚШда Қуръон нусхаси ёқиб юборилгани ҳақидаги хабардан ғазабнок минглаб кишилар кўчаларга чиққанлар.

Шаҳарда отишма овозлари эшитилган, автомобилларга ўт қўйилган.

Қандаҳордаги намойишлар акс этган суратлар

БМТ Хавфсизлик Кенгаши жума куни Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳрида камида 14 киши умрига зомин бўлган ҳужумни кескин қоралаб чиққан.

Мозори Шарифда оломон БМТ биносига қилиб, бир неча инсон ҳалок бўлган

Ҳалок бўлганларнинг етти нафари хорижий мамлакатлар фуқаролари бўлганлар.

Мозори-Шарифдаги намойишчилар АҚШнинг Флорида штатидаги черковда 20 март куни пастор Уэйн Саппнинг Қуръонни ёққани тасвирга олинган видео намойиш этилганидан кейин ғазабга келганлар.

Пастор Уэйн Сапп бу ишни пастор Терри Жонс раҳбарлигида қилган, пастор Жонснинг 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари санасида Қуръонни ёқиш режаси бутун дунёда қаттиқ қораланган эди.

Терри Жонс Афғонистондаги қонли ҳодисалар учун ўзларини жавобгар ҳисобламасликларини айтди

Маҳаллий полиция Мозори Шарифдаги ҳодисадан кейин 30 га яқин киши ҳибсга олинганини айтган.

Айрим Афғон расмийлари Мозори-Шарифдаги БМТ ваколатхонасига ҳужумни Толибон аъзолари ташкиллаштирган, деб айтганлар.

Толибон ўз баёнотида ўзларининг алоқадорлигини рад этган.