Халқаро коалиция кучлари ҳужуми оқибатида Ливия исёнкорлари ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исёнкорлар жасади ҳужум рўй берган жойда дафн этилган

Ливиянинг Брега шаҳри атрофида НАТО учоғи ҳаво ҳужуми уюштиргани натижасида исёнкорларнинг беш автомобилдан иборат карвони вайрон этилган, камида 15 киши ҳалок бўлган.

Исёнкорларнинг айтишларича, Аждабиядан йўл олган автомобиллар Брегага бораётган бўлганлар, НАТО учоқларидан бири уларни ҳужумга тутган.

Автомобиллардан бири "Тез ёрдам" машинаси бўлган.

Аксилқаддофий қуроллилар ҳалок бўлганлардан икки нафари шифокор бўлишганини айтишади.

Халқаро коалиция ҳарбийларига кўра, ҳаво ҳужуми автомобиллар карвонидагиларнинг учоққа ўт очганларига жавобан уюштирилган.

НАТО ушбу ҳодиса қандай юз берганини ўрганаётганини билдирган.

Ҳодиса жойини бориб кўрган Би-би-си мухбири автомобилларда аксилучоқ қуроллар ўрнатилганини айтган.

Мухбирларга кўра, исёнкорларнинг нега ҳавога ўт очганлари сабаби номаълум, аммо улар ўзларининг руҳини кўтариш мақсадида мушакбозлик бошлаган бўлишлари мумкин.

Исёнкорлар Қаддофий кучларини босиб олган шаҳарларидан чиқиб кетиб, ўт очишни тўхтатиш таклифи билан чиққанлар.

Қаддофий ҳукумати расмийлари бу таклифни рад этганлар.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Ливия бўйича тайинлаган махсус вакил Абдуллоҳ Хатиб пойтахт Триполида Қаддофий ҳукумати расмийлари ҳамда исёнкорлар раҳбарлари билан учрашган.

Абдуллоҳ Хатибнинг айтишича, у Қаддофий маъмуриятига ўт очишни тўхтатиш, Ливия ғарбидаги шаҳарлардан қамални олиб ташлаш ва халқаро кўмакларни ўтказишга рухсат беришни сўраган.

Ливиядаги исёнкорларга раҳбарлик қилаётган Мустафо Абдул Жалил БМТ махсус вакили Абдуллоҳ Хатиб билан учрашувдан кейин мамлакат ғарбидаги Қаддофий қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин ўт очишни тўхтатишга рози эканликларини айтган.

Қаддофий ҳукумати сўзчиси исёнкорлар талабини "бемаънилик" деб атаган.