'Мисратада яраланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркиянинг инсонпарварлик кемаси Қаддофий кучлари ишғолидаги Мисрата шаҳридан 250 тача ярадорни Бенғозига олиб борган.

Сўнг ярадорларни даволаниш учун Туркияга олиб кетишга қарор қилинган.

Кемада бўлган Би-би-си мухбири Жон Лейнинг айтишича, олдин автомобил ташишга мўлжалланган юк кемаси шифохонага айлантирилган.

Ярадорлар учун тўшаклар ўрнатилган, бу тўшакларда турли хил жароҳатларни олган инсонлар ётқизилган.

Жароҳатланганларнинг анчасининг аҳволи оғир.

Бир киши рафиқасини шифохонага олиб бораётган пайтида рўй берган портлаш пайтида оёғининг бир қисмини йўқотган.

13 ёшли бола ўзини снайпер қандай отганини гапириб беради.

Кемадагиларнинг ҳикояларидан Мисрата шаҳридаги вазият қанчалар оғирлашиб бораётганини англаш мумкин.

Шаҳарнинг аксар қисмида ичимлик сув ва электр таъминоти ўзиб қўйилган.

Мисратанинг бирор бир қисмида юриш хавфсиз эмас, ё миномёт портлашига, ёки снайпер ўқига дуч келиш мумкин.

Мисраталиклар сўзларига кўра, Қаддофий кучлари одамларни ваҳимага солиш учун бутун бошли оилаларни, аёллар ва болаларни ҳеч бир сабабсиз отиб ташлаганлар.

Хабарларга кўра, Туркия Мисратада бўлган хорижлик ярадорларни олиб чиқиш учун кема юборишни мўлжаллаган, ярадорлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Ўзининг зарур юмуши билан кўчага чиққанлар портлашларга дуч келганлар.

Айни пайтда нефт шаҳри Брегада Муаммар Қаддофийга содиқ кучлар билан исёнкорлар ўртасида жанглар давом этмоқда.

Хабарларга кўра, ҳукумат қўшинлари Брега университети атрофини эгаллаб туришипти, бироқ НАТО ҳаво ҳужумларидан чўчиб исёнкорлар билан жангга киришмаяптилар.

Мухбирларга кўра, яхши қуролланмаган ва тартиб-интизоми кучсиз исёнкорлар Брега шаҳри томон ҳаракатланишга қодир эмаслар.

Исёнкорлар Ғарбдан кўпроқ кўмак беришни сўрамоқдалар.

Ливия ташқи ишлар вазирлигидан айтишларича, Муаммар Қаддофий жангларни тўхтатишни истайди.

Бу ҳақда Ливия расмийлари Юнонистон Бош вазирини бохабар этганлари хабар қилинган.

"Ливия элчисининг бу шарҳи режим муаммо ечимини истаётганини кўрсатади", деб айтган Юнонистон Ташқи ишлар вазири Бимитрис Дроутсас.

Ливия элчисининг Туркия ва Малтада музокаралар учун йўл олгани хабар қилинган.