'Ливия ҳукумати сайловлар ва сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ҳозир'

Фото муаллифлик ҳуқуқи rebel libya

Ливия ҳукумати вакили Мусо Иброҳимнинг айтишича, расмий Триполи сайловлар ва сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ҳозирдир.

Лекин унинг урғулашича, ўз келажакларини ливияликларнинг ўзлари ҳал этишлари лозим.

"Ҳеч ким келиб, бизга ўз раҳбаримиз, тизимимиз ёки тузумимизни ўзгартириш борасида ақл ўргатишга ҳақли эмас," деб айтган Мусо Иброҳим.

Ливия ҳукумати вакилига кўра, мамлакати демократияни мустаҳкамлаш, матбуот эркинлиги ва коррупцияга қарши кураш масаласига алоқадор таклифларни муҳокама этишга тайёр.

Мусо Иброҳим, ўз ўрнида, фақат Ливиянинг амалдаги раҳбари Муаммар Қаддофийгина мамлакатни демократик ўзгаришлар сари етаклаши мумкинлигини баён қилган:

1 аст: "Бизнинг раҳбаримизнинг воз кечиши мумкин бўлган расмий мақоми йўқ. У Ливия халқи учун бир тимсол каби. Ливияни бошқариш масаласига келсак, бу энди бошқа мавзу. Кўплаб ливияликлар ўзларига Муаммар Қаддофий бошчилик қилишини исташади. Чунки улар Муаммар Қаддофийсиз мамлакатларининг Ироқ, Сомали ёки Афғонистонга айланиб қолишидан қўрқишади," деб айтган Мусо Иброҳим.

Ўтган тун эса, Ливия давлат телевидениеси Триполидаги қароргоҳидан "Жип"да чиқиб кетаётган Муаммар Қаддофийнинг оломонни олқишлаётгани кадрларини олиб кўрсатган.

Сўнгги вазият

Ливия шарқида исёнкорлар бой берган мавқеъларини қайта қўлга киритишга уринишаркан, жанглар давом этмоқда.

Хабарларга кўра, Брегадаги нефтни қайта ишлаш мажмуаси яқинида жойлашиб олган исёнкорларга катта сондаги ҳукумат аскарлари ҳам келиб қўшилишган.

Аммо у ерда бўлган мухбирларимиз исёнкорларнинг ёмон қуролланишгани, шу боис Брегани олган тақдирларида ҳам, узоқ ушлаб туролмасликларини айтишади.

Шаҳар бир неча кундан буён мухолиф жангчилар ва Ливия ҳукумат кучлари орасида жанг жабҳаси бўлиб келади.

Ҳодиса сатҳида бўлган мухбиримизнинг айтишича, Ливия раҳбари Муммар Қаддофий қўшинлари томонидан отилган ракета ва замбарак ўқлари исёнкорларни ортга чекинишга мажбур қилган.

Аввалроқ НАТО қирувчи учоқлари ҳукуматга қарашли ҳарбий карвонни ҳужумга тутганди.

Қуролли низолардан икки ой ўтаркан, Ливиянинг соҳилбўйи ҳудудлари икки қисмга ажралиб қолгани, шарқ исёнкорлар, ғарб эса, ҳукуматпараст кучлар қўлида экани айтилади.

Бугун ҳам Ливиядан юзлаб ярадорларни олиб қайтган турк кемаси Туркия бандаргоҳларининг бирида лангар ташлаган.

Кема ғарбий Мисрата ва шарқий Бенғози шаҳарлардан тўрт юзга яқин ярадорларни келтирган. Улардан айримларининг аҳволлари ниҳоятда оғир экани айтилади.

Туркиядаги мухбиримизга кўра, бандаргоҳга яқин ерда ярадорларга тиббий хизмат кўрсатилади.

Ўтган куни Туркиянинг паромида Мисрата шаҳридан олиб чиқилган ярадорлар у ердаги Қаддофий кучларининг ниҳоятда шафқатсиз эканликларини айтиб беришган.

Ливиянинг бошқа шаҳарларидан эвакуация этилганлар ҳам худди шундай манзарани чизишганди.

Улар шаҳар кўчаларида ўликлар чўзилиб ётгани, касалхоналар яраланганларга тўлиб кетганини айтишган.

Ливия раҳбарининг ўғли Сайф ул-Ислом эса, Би-би-сига берган суҳбатида отаси Лондонга қочиб кетган мамлакат Ташқи ишлар вазири Муса Кусани сотқин деб ҳисобламаслигини айтган.

Унга кўра, Муса Куса "кекса ва хаста" бўлгани учун Британияга даволаниш учун кетган.

Аммо Лондонга етиб келган чоғида жаноб Куса Қаддофий тузумини халқаро саҳнада ортиқ намоён этиш истаги йўқлигини айтганди.