Фил Суяги Қирғоғи раҳбари таслим бўлишдан бош тортмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қудрат учун кураш Фил Суяги Қирғоғини уруш гирдобига олиб келди.

Ўтган ноябр ойидаги сайловларда мағлуб бўлгани айтилган Фил Суяги Қирғоғи президенти Лорен Гбагбо унинг таслим бўлиши ҳақидаги хабарларни рад этди.

Президент қароргоҳи ертўласидан туриб телефон орқали сўзлаган жаноб Гбагбо у фақатгина оташкесим шартларини мубоҳаса қилаётгани ва ноябр ойидаги сайловларда ғалаба қилганига ишонишини айтди.

"Мен сайловларда ғолиб эдим ва қудратдан кетиш йўлини муҳокама қилаётганим йўқ", деб айтди жаноб Гбагбо.

Халқаро ҳамжамият томонидан сайловларда ғолиб, дея тан олинган Алассан Уаттарага содиқ кучлар Абиджандаги президент қароргоҳини ўраб олишган.

Шаҳарнинг тўрт миллионга яқин аҳолиси уйларига қамалиб олган.

БМТ ва Франса тинчликни сақлаш кучлари жаноб Гбагбо кучларини нишонга олмоқдалар.

Ғарб давлатлари Гбагбонинг истеъфога чиқиши кераклигини айтганалар.

Қудрат учун кураш

2010 йил ноябр ойидаги сайловларни ташкиллаштиришга кўмак берган БМТ мамлакат шимолида кўпроқ қўлловга эга бўлган Алассан Уаттара ғолиб бўлганлигини маълум қилганди.

Аммо Лорен Гбагбо сайловлар натижаларини қабул қилмади. У Фил Суяги Қирғоғининг собиқ мустамлакачиси бўлган Франсани БМТга босим ўтказиб, ўз иқтисодий манфаатлари йўлида уни президентликдан кетказиш интилишида айблади.

Алассан Уаттара Гбагбога 24 март кунига қадар қудратдан кетиши учун мухлат берди, лекин жаноб Гбагбодан ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Бир неча кундан кейин Уаттара кучлари Абиджан томон юришни бошладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сайловларда ғолиб бўлгани айтилган Алассан Уаттарага содиқ кучлари Абиджандаги Президент қароргоҳини ўраб олганлар.

Келажак башоратлари

Тахмин қилинишича, жаноб Гбагбо жорий вазиятда кўп қола олмайди.

Халқаро Жиноят Маҳкамаси унга нисбатан инсониятга қарши жиноятлар бўйича иш очиши мумкинлигини билдирган. Шунинг учун унинг ғарб давлатларига йўл олиши эҳтимоли кам. Лекин Африка давлатлари орасида ўзига бошпана топиши осон.

Жаноб Гбагбо ҳамиша Ангола Президентига ўзини яқин тутиб келган ва ўша ерда хавфсиз бошпана топиши эҳтимоли йўқ эмас.

Бир вақтлар жаннатмакон ўлка...

Ўн йилча аввал Фил Суяги Қирғоғи Ғарбий Африкадаги бой ва фаровон мамлакат эди.

Аммо жамиятда кўринмас этник, диний ва иқтисодий бўлинишлар кўп бўлган.

Какао етиштириш саноатига асосланган мамлакатда яшаш даражаси қўшни давлатларга қараганда юқорироқ эди. Мали ва Буркина Фасо каби қашшоқ давлатлардан муҳожирлар бу ерга келиб ишллашни афзал кўрардилар.

Мамлакатга келаётган муҳожирларнинг аксари мусулмонлар бўлиб, шимол аҳолисига ўзларини яқинроқ кўра бошладилар.

Президент Гбагбо раҳбарлиги остида баъзи жанубдаги миллатчилар эса мамлакатни муҳожирлардан ҳимоя қилиш ғояларини кўтариб чиқа бошладилар. Улар шимолликларни ҳақиқий Фил Суяги аҳли сифатида кўрмайдилар.

Шимолликлар жавоби

Шимол аҳолиси ўзларини камситилган кўра бошладилар.

Мусулмон бўлган Алассан Уаттара унинг ота-онаси Буркина Фасолик экани асосида аввалги сайловларда ўз номзодини қўйиш ҳуқуқидан мосуво этилди.Лекин у мамлакат Бош Вазири вазифасини адо этган.

Кўплаб шимолликлар уларга овоз бериш ҳуқуқи ва расмий ҳужжатлар берилмаслигидан шикоят қилиб келганлар.

2002 йили шимоллик бир гуруҳ аскарлар исён кўтариб, Абиджан томон юрдилар. Улар бутун мамлакат устидан назоратни қўлга олай деган вақтлари Франса қўшинлари томонидан тўхтатиб қолинди.

Мамлакатда 9 мингга яқин БМТ тинчликни сақлаш кучлари жойлаштирилди.

Мамлакат амалда шимол ва жанубга бўлиниб қолди.

Ноябр ойидаги сайловлар бу бўлинишга якун ясаши кутилганди. Лекин аксинча қарама-қаршилик кучайиб кетди, лекин можаро яқин орада хатм топишига умид қилинмоқда.