АҚШ: Покистоннинг жангариларга қарши аниқ стратегияси йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption АҚШ баҳор ойларида Толиблар билан шиддатли жанглар бўлиб ўтиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.

Оқ Уй томонидан чиқарилган янги ҳисоботда айтилишича, Покистон ўз тупроғида жангариликка чек қўйишнинг аниқ режасига эга эмас.

Ҳисоботда шунингдек, охирги ойларда Покистондаги Толиблар оддий аҳолини ҳам нишонга ола бошлаганлар ва баҳор ойларида шиддатли жанглар рўй беришини кутиш мумкин.

АҚШ ва Ғарб давлатлари Покистондаги доираларни "Ал Қоида" ва Толибларни қўлловлари учун танқид остига олиб келганлар.

Январ ойида АҚШнинг янги стратегик ҳужжатида Покистон жангариликни енгиши учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклиги айтилганди.

Покистон исёнчиларга қарши курашда сусткашлик қилаётгани ҳақидаги танқидларни рад этиб келган.

Оқ Уй томонидан чиқарилган ҳисоботда айтилишича, Покистон Хавфсизлик кучлари томонидан берилаётган "улкан" қурбонлар ва АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликнинг охирги уч ой мобайнида кенгайганига қарамай, жангариларга қарши курашда деярли илгари силжишга эришилмаяпти.

"Покистондаги ҳудудларни жангарилардан тозалаш амалиётлари кетидан бу минтақаларни ушлаб қолиш ва ерда ўрнашиш режалари умуаман йўқ. Шунинг учун 147 минг аскар сафарбар қилинганига қарамай жангариларни енгишнинг самарали режаси ишлаб чиқилмаган", дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда Афғон-Покистон чегара ҳудудларидан исёнчиларни сиқиб чиқариш учун икки томон ўртасида кенгроқ ҳамкорлик йўлга қўйилиши кераклиги айтилади.Охирги ойларда Афғонистонда худкушлик ҳужумлари суръати ошганлиги эса бу йилги "жанглар" мавсуми бошланаётгани белгиси сифатида талқин этилган.

Толиблар "ҳукумат ва фуқаро иншоотлари каби енгилроқ нишонлар"га эътибор қарата бошлаганлари ҳам тахмин қилинган.

Покистон ҳудудидаги жангарилар сафларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бир неча юзга қадар аъзолари ҳам фаолият олиб боришлари айтиб келинади.