Қандаҳорда жангарилар полиция ўқув марказига ҳужум қилганлар

Полиция ўқув маркази Қандаҳор четида жойлашган

Афғонистон полицияси хабар қилишича, қуролли жангарилар Қандаҳор шаҳри чеккасидаги полиция ҳарбий тайёргарлик марказига ҳужум қилганлар.

Бу марказдан Афғон миллий армияси ҳамда полициясига ёллаш маскани сифатида ҳам фойдаланилади.

Полициядан хабар қилишларича, бир неча қуролли шахс марказ биносига ҳамда тайёргарлик бўлимига бостириб кирганлар ва ўт очишни бошлаганлар.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олган.

Толибон сўзчисига кўра, енгил ва оғир қуроллар билан қуролланган тўрт Толибон жангариси полиция ўқув марказига ҳужум қилганлар.

Толибон воизи ҳужумчилардан бири марказ дарвозасига автомобилини бориб уриб, ўзини-ўзи портлатган ва қолган жангарилар ичкарига бостириб кирганлар, деб айтган.

Қандаҳор вилояти полицияси раҳбари сўзларига кўра, камида уч худкуш ҳужумчи ўқув марказида жангга киришган, улар ўлдирилганлар.

Ҳужум гувоҳларининг айтишларича, жангарилар қўлларида автомат қуроллар ва гранатомётлар бўлган.

Отишма бир соатдан кўпроқ давом этган.

Шоҳидлар бир неча портлаш овозларини эшитганларини айтганлар.

Тайёргарлик маркази атрофи полиция кучлари томонидан ўраб олинган, осмонда тикучарлар кўринган.

Охирги ойларда Қандаҳор исёнкорларнинг қатор ҳужумларига дуч келган.

19 феврал куни шаҳар полиция идорасига ҳужумда 19 инсон ҳалок бўлган эди.

НАТОнинг юқори лавозимли мулозимлари айтишларича, Қандаҳор ва унинг атрофидаги ҳудудларда НАТО кучлари ўтган йили йирик амалиётларни ўтказганлар, бу эса Толибоннинг ушбу ҳудудда куч йиғиб олишининг олдини олган.

Аммо НАТО зобитлари бу муваффақият вақтинчалик эканини тан оладилар, ҳудудда полиция ва ҳукумат мулозимларига ҳужумлар тез-тез юз бериб туради.

Баҳор келиб кунлар исиши билан Афғонистонда исёнкорлар фаоллашиши кузатилади.

Би-би-си мухбири Пол Вуднинг ёзишича, отишмалар пайти деб кўриладиган пайт энди бошланмоқда ва ҳамма томондагилар зўравонликлар сони кўпайишини кутмоқда.