Мексикада оммавий қабрларда 60 га яқин инсон жасади топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Шимолий Мексика расмийлари саккиз оммавий қабрда 60 га яқин инсон жасадини топганларини айтганлар.

Тамаулипас штати мулозимлари, жасадлар икки ҳафта илгари наркомафия гуруҳи деб кўрилганлар томонидан ўғирлаб кетилган автобус йўловчиларими ёки йўқлиги текширилаётганини маълум қилганлар.

Тамаулипас Мексиканинг гиҳёванд моддалар савдосига алоқадор зўравонликлар энг кучайган штатлардан биридир.

Жасадлар Сан Фернандо ҳудудидаги саккиз жойга алоҳида-алоҳида кўмилган бўлган, 43 инсоннинг жасади бир жойдан топилган.

Штат расмийларидан бирининг айтишича, жасадлар 10 ёки 15 кун илгари ўлдирилган бўлиши мумкин, бу йўловчи автобуси тўхтатилиб, ундаги йўловчилар мажбуран туширилгани ҳамда номаълум томонга олиб кетилгани кунларига мос тушади.

Расмийлар 11 кишининг ҳибсга олинганини, гаровгирлар қўлида ушлаб турилган беш киши озод қилинганини айтганлар.

Бундан ҳам даҳшатли топилма Тамаулипасда ўтган йили августида ҳам топилган, ўшанда оммавий қабурларда 72 инсон жасади аниқланган.

Бу инсонларнинг наркомафия аъзолари буюрган ишни бажаришдан бош тортган Марказий ва Жанубий Америка мамлакатларидан бўлган мигрантлар бўлгани хабар қилинган.

Сўнгги даҳшатли топилмалар Мексика бўйлаб ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор зўравонликларга қарши оммавий юришлар бўлиб ўтаётган пайтга тўғри келган. Мескико Ситида йиғилган минглаб намойишчилар "Бошқа қон тўкилмасин" дея ҳайқирганлар.

Айрим намойишчилар Президент Фелип Калдероннинг истеъфосини талаб қилганлар, уларнинг сўзларига кўра, президентнинг наркокартелларга қарши бошлаган стратегияси қон тўкилишини кўпайтирган.

Намойишчилардан бири Хавьер нега одамлар намойишга чиққанлари ҳақида шундай деди:

"Кўпчилигимиз ҳукуматнинг кураш сиёсати билан рози эмаслигимизни одамлар кўриб турипти. Гиёҳванд савдогарларига қарши олиб бораётган кураш йўлидан, бу урушни бошлашдан олинги кўп нарсалардан бир рози эмасмиз. Одамлар таълимнинг биринчи нарса эканини айтаяптилар. Мексикада гиёҳванд савдоси кўпайиб бораётганининг сабаби - кўп одамларнинг бундан бошқа пул топиш йўли йўқ. Агар ҳукуматдагилар гиёҳванд савдосидан тушаётган пулларни олишмаса, буни дастаклашмаса наркотик бизнеси ҳам кўпаймайди", дейди намойишчи Хавьер.

Мексика Президенти Флеип Калдерон наркокартелларга қарши курашни 2006 йил декабрида бошлаган эди.

2011 йилнинг январида Мексика ҳукумати шу вақт давомида қарийб 35 минг киши қурбон бўлгани ҳақида маълумотларни ошкор этган.

Қурбонлар орасида гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор шахслар, хавфсизлик кучлари ходимлари ва мутлақо бегуноҳ тасодифий шахслар бор.

30 мингдан ортиқ инсон қатл қилишга ўхшаш қотилликларнинг, 3000 дан зиёд киши отишмаларда, яна беш юз киши эса бошқа қарама-қаршиликлар қурбони бўлишган.

Кузатувчиларга кўра, собиқ иттифоқчи картеллар ёки гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган гуруҳлар ўртасида бўлиниш юз берган.

Картелларга қарши курашда 50 мингдан ортиқ полиция кучлари ишламоқда.

Ҳукуматга кўра, рекорд даражада гиёҳванд моддалар мусодара этилган, картелларнинг юқори лавозимли раҳбарлари ҳибсга олинган ва ё ўлдирилган.

Аммо картеллар ҳам армия билан ва ҳам ўзаро уришмоқда, бу эса табиийки зўравонликни авж олдирган.