Араб давлатларидаги ғалаёнлар яна қанча давом этиши мумкин?

Image caption Суриядаги намойишлар қонли тарзда бостирилишда давом этмоқда

Қатор Яқин Шарқ мамлакатларида мусулмон дунёсида муқаддас саналган жума кунида ўқилган намоз ортидан одамлар кўчаларга чиқиб норозилик намойишларини ўтказишлари деярли одатий ҳолга айланди.

Бу жума ҳам Суриянинг бир неча шаҳарларида қўзғолонларни бостиришга ихтисослашган полиция аксил-ҳукумат намойишчилар билан тўқнашган.

Намойишларнинг энг қонлиси Сурия жанубидаги Дара шаҳрида юз берган. У ерда полиция минглаб одамларга қарата ўт очган. Камида 17 киши отиб ўлдирилгани ишонилади.

Хавфсизлик кучлари Сурия шарқидаги курд ҳудудлари бўйлаб ҳам жойлаштирилган.

Яманнинг Таиз шаҳрида аксил-ҳукумат намойишчилар ва хавфсизлик кучлари тўқнашган.

Таизлик шифокор Би-би-сига ўнлаб одамлар ўқ яралари ва кўзни ёшлантирувчи газдан шикастланиб касалхонага қабул қилинганларини билдирди.

Аввалроқ Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ кўрфаз давлатлари таклифига биноан истеъфога чиқишдан бош тортган.

Миср пойтахти Қоҳиранинг Таҳрир майдонида эса юз минглаб одамлар Президент Ҳусни Муборак ва унинг шериклари маҳкамага тортилишини талаб қилиб намойиш ўтказишган.

Норозилик изҳол қилаётган одамларга кўра, жаноб Муборакдан қудратни қабул қилиб олган ҳарбий кенгаш етарли сиёсий ислоҳотларни амалга оширмади.

Баҳрайн, Яман ва Сурия каби давлатлардаги норозиликлар қаттиққўллик билан бостириб келинаётган экан, бундан икки ойча аввал мавжуд бўлган кўтаринки руҳ ҳам бир қадар сусайгандек.

Араб инқилобий ҳаракатлари яна қанча давом эта олади? Би-Би-Си бу савол билан АҚШнинг Суриядаги собиқ элчиси Ричард Мэрфига мурожаат қилди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Яманда ўнлаб кишилар отиб ўлдирилгани ҳам намойишчиларни қўрқита олмади

Мэрфи: Менимча, одамлар ўзларида қудрат борлигини англаб етмоқдалар. Улар ҳеч қурса оддий ўзгаришларга йўл очиш мақсадида ўз норозиликларини билдиришлари, намойишга чиқиш ҳуқуқига эга эканликларини англамоқдалар. Албатта, бу жараёнлар бўлиб ўтаётган давлатлардаги вазиятлар ўзгача, ўтмишлари фарқли. Лекин, уларда умумий бўлган жиҳатлар - ёшлар орасидаги ишсизлик, мамлакатдаги қарорлар жараёнида иштироклари йўқлигидан чорасизлик ҳисси. Лекин, ҳозир улар дастлаб Тунис, кейин Миср мисолида кўраяптиларки, ўзгаришлар имконли экан. Ана шу жиҳат янги.

Би-Би-Си: Лекин, Баҳрайн раҳбарияти Саудиядан қўшинлар олиб келиб намойишларни бостирди, мана Сурия ҳукумати ҳам анчайин қаттиққўл йўл тутмоқда, буларнинг ҳаммаси анчайин катта тўсиқ бўлса керак инқилоблар йўлида...

Мэрфи: Ҳа, Баҳрайн раҳбарияти шу вақтгача мамлакатдаги норозиликларни енгиллик билан бостириб келишга муваффақ бўлди. Баҳрайнда норозилик кайфиятлари янгилик эмас. Биз яқинда гувоҳ бўлган кўчалардаги норозиликлар ташқаридан кириб келган нарса эмас, балки шиа жамоасининг жамиятда камситилганликларини акс эттирувчи кўп йиллик шикоятларнинг оқибати эди. Лекин, Тунис ва Мисрдаги воқелар Баҳрайнда ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкинлигига ишонч туғдирган. Аммо, Саудия кучлари билан ўзини ҳимоялашга муваффақ бўлган раҳбарият ҳаттоки кичик ўзгаришлар томон ҳам қадам қўйишга тайёр эмас кўринади.

Би-Би-Си: Ўзгаришлага келсак, Коҳиранинг Таҳрир майдонидаги ҳодисалардан сўнг ўзгаришлардан умидлар катта эди, лекин мана озгина вақт ўтиб, Муборакдан ташқари ҳеч нима ўзгармагандек ва кутилаётган сайловлар ҳам кўп нарсани ўзгартирмайдиган кўринади.

Мэрфи: Бунисини энди кўрамиз, сайловлар шу йил кечроқ ўтказилмоқчи. Вақтдан фойдаланиб ҳақиқий партиялар фаолиятини жадаллаштириб, кўппартиявийлик асосида сайлов кампанияси олиб борилса яхши бўларди, албатта. Бу жараёнлар бир қадар шошма-шошарлик билан олиб борилмоқда. Менимча, Тунис ва Таҳрир майдонида бўлиб ўтган ҳодисалар бу тарихда янги бир саҳифанинг бошланишидир, бу саҳифа келажакда қандай ривожланади - буни ҳеч ким айта олмаса керак. Овозларига қулоқ тутилишини истаган ёшлар бир неча ой ичида ўз жамиятларидаги ўзгаришларни таъминлаб бера олмайдилар, албатта.