Ғазога қарши ҳужумларда талафот сони ошиб бормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Исроил Ғазодаги жангарилар ҳужумларига жавобан амал қилаётганини айтмоқда

Исроил армиясининг Ғазо бўлгасига қилган ҳаво ҳужумлари уч Ҳамас жангарисини ўлдирган.

Шу билан бир неча кундирки давом этаётган Исроил ҳужумлари қурбонлари сони 17га етган. Қурбонлар орасида бир неча оддий фуқаролар ҳам бор. Ўнлаб одамлар жароҳатланган.

Исроил Ҳамас томонидан мактаб автобусига отилган ракетага жавобан ҳужумларни амалга ошираётганини айтди. Исроил ҳукуматига биноан, автобусга ҳужум "ҳаддан ошган".

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти эса мактаб автобусига қилинган ҳужум ўтган ҳафта бир неча Ҳамас раҳбарларининг ўлдирилишига жавобан амалга оширилганини билдирган.

Исроилнинг ҳужумлари, ҳамда жангариларнинг чегара оша отаётган ўнлаб ракеталари Ғазода охирги икки йил давомида юз берган энг қонли зўравонликдир.

Қасд

Исроилнинг шанба тонгида Ғазо жанубида ҳаракат қилаётган автомобилга қилга ҳужуми юқори мартабали Ҳамас қўмондони ва унинг икки ёрдамчисини ўлдирган.

Бу ҳақида Ҳамас ва фаластинлик шифокорлар маълум қилишди.

Ҳамасга кўра, қўмондон Рафа жангари гуруҳининг 29 ёшли раҳбари Тайсир абу Снима бўлган.

Исроил армияси, шунингдек, Ғазо-Миср чегарасидаги ерости туннели ва қурол-аслаҳа орттирилган юк машинасини нишонга олганини билдирди.

Тун оша жангарилар Ғазодан Исроил ҳудудига ракеталар отишган, бироқ талафот бўлмаган.

Исроил ўзининг янги ва ҳали ҳам тажриба босқичида бўлган Iron Dome, яъни Темир Гумбаз аксил-ракета қалқони Бииршеба шаҳрига отилган ракетани тўхтатганини айтди.

Жума куни бу қалқон Ашкелон шаҳрига отилган уч Град ракетасини илғаб, ҳавода йўқ қилган.

Мазкур отишмалар Ғазони назорат этувчи Ҳамас пайшанба куни ўз ҳудудидаги жангари гуруҳлар билан Исроилга ракеталар отмаслик бўйича келишувга эришганини айтишига қарамай давом этган.

Жума куни Исроил Бош Вазири Бенямин Нетаняху Наҳал Оз жамлоғи ёнида мактаб автобусига отилган аксил-танк ракетаси учун ўч олишини айтган.

"Мактаб автобусига қилинган ҳужум ҳаддан ошган... Кимки болаларни яралаш ёки ўлдиришга уринса, унинг қони ўз бошини қоплайди", - деди жаноб Нетаняху.

Ҳужумда 16 ёшли бола ва ҳайдовчи жиддий жароҳат олган.