Италия ва Франция шимолий африкалик муҳожирларни қайтаришга келишиб олдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Аҳолиси 4,500 кишидан ташкил топган Лампедуза ўн минглаб муҳожирларнинг оролга келишидан ларзага келган

Франция ва Италия африкалик муҳожирларнинг Оврўпога етиб келишларини бартараф этиш учун денгизда ва ҳаводан қўриқлаш чоралари бўйича келишиб олишган. Бу келишув икки мамлакат ўртасидаги дипломатик машмашага якун ясаши мумкин.

Италия ўз қирғоқларига етиб келган минглаб муҳожирларга қисқа муддатли визалар бериб Франциянинг ғазабини қўзгаган.

Муҳожирларнинг кўпчилиги аллақачон франциялик ришталарга эга бўлган тунисликлардир.

Франция қўриқчи хизматларни тузиш келишуви туфайли ўз иддаоларини қайтариб олган.

Айни дамда Италия ўзининг Ўрта Ер денгизидаги митти Лампедуза оролидан муҳожирларнинг икл гуруҳини депортация қилган.

Ўттиз тунислик киши бўлган учоқ пайшанба куни Лампедузадан учиб кетган.

Бироқ, юзлаб муҳожирлар орттирилган яна икки кема жума куни Лампедуза қирғоқларига етган.

Лампедуза Тунис қирғоқларидан 120 километр узоқликда жойлашган. У Оврўпога етишишга уринаётган муҳожирлар учун биринчи тўхташ нуқтасига айланган.

Яқин ойларда авж олган ғалаёнлар туфайли 20 мингдан ортиқ шимолий африкаликлар Оврўпо томон қочишган ва Лампедуза одамларга лиқ тўлган.

Италия мазкур муаммога ечим топишга қийналмоқда, ва шу ҳафта муҳожирларга олти ойлик визаларни тақдим этган.

Бу визалар муҳожирларга Оврўпо Иттифоқининг истаган жойига сафар қилишга рухсат беради.

Франция Италиянинг бу қарорига ўта қатъий қаршилик билдирган, ва француз чегарачилари муҳожирларни чегарадан қайтариб юборишмоқда.

Бунга жавобан, Италия Францияни Оврўпо Иттифоқи бўйлаб визасиз сафар қилишни таъминловчи Шенген тизимидан чиқартириб юборишини айтиб таҳдид қилган.

Аммо, икки мамлакатнинг ички ишлар вазирлари жума куни Миланда учрашиб, танг вазиятни ўнглашга уринишди.

Франциялик вазир Клод Гуант ўз италиялик ҳамкасби Роберто Марони билан "тўла келишув"га эришганини билдирди.

Унга кўра, на Италия ё на Франция муҳожирларни қабул қилиш вазифасига эга эмаслар ва бу муҳожирлар Тунисга кўнгилли тарзда қайтишларини рағбатлантириш бўйича келишиб олинган.