Афғонистон оналар ва болалар ўлими юқори мамлакатлигича қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Рўгул 9 фарзандини ерга қўйган

Афғонистон - болани дунёга келтириш учун энг ҳавфли мамлакатлардан бири. Мамлакатдаги ҳар 11 аёлдан бири ҳомиладорлик ва ё туғруқ пайти оламдан ўтиши мумкин. Ҳар беш гўдакдан бири эса, туғруқ маҳали ёки туғилганидан кўп ўтмай ё-да, беш ёшга етмай ҳаётдан кўз юмади. Ҳозир Афғонистонда она ва бола ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган дастур йўлга қўйилган.

Рўгул кўз ёшларини бошидаги рўмоли четига артади. У фарзандларининг тўққиз нафари уйида кўзи ёриши ортидан нобуд бўлганини ҳикоя қилади.

Рўгулнинг тўнғичи чала туғилганди. Унинг онаси бола ҳаётини сақлаб қолиш илинжида қишлоқ мулласига мурожаат қилади. Мулла дуо қилишни ва қандайдир муқаддас сувни маслаҳат беради. Аммо, гўдак узоққа бормайди, нобуд бўлади.

Иккинчи фарзанд эса, туғилганидан бир неча соат ўтиб, инфекция туфайли вафот этади. Хуллас, кетма-кет жами тўққиз фарзанд ерга қўйилади.

Мен пойтахт Кобулдан 20 дақиқалик узоқда жойлашган Гулдара улусворлигидаги янги туғилган чақалоқлар сақланадиган клиникадаман.

Айрим аёллар анъанавий кўк бурқа кийиб олишган, бошқалар очиқ рангли рўмолларга ўранишган. Баъзилар ҳамон ҳомиладор, қоринларини ушлаб олишган, қолганлар болаларини эмлатиш учун олиб келишган. Клиникадаги аёлларнинг кўплари бу ерга маҳаллий доялар қистови билан келишган.

Анъанавий урф-одатлар гўдаклар умрига зомин бўлади

Пашту исмли келинчак мен билан гаплашишга рози бўлди.

У ўзининг неча ёшда эканини билмайди, аммо кўринишидан 15 ёшдан катта эмас. Пашту иккинчи фарзандига саккиз ойлик ҳомиладор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Афғонистон болалар ўлими юқори мамлакатлигича қолмоқда

Келаси ой у мана шу клиникада туғдириб олинади. У биринчи боласини фақатгина қайнонаси кўмагида ифлос ҳожатхонада дунёга келтирганини айтади. Бола кўм-кўк туғилган ва бир соатга етмай оламдан ўтган.

Мен Паштудан боласи нимадан нобуд бўлганини сўрайман. У бепарво елка қисади. Паштунинг ёнида ўтирган семизгина аёл унинг аммаси экан.

"Пашту жуда озғин, тузук овқат емайди, - дейди у баланд овозда,- шунинг учун ҳам боласи нобуд бўлди".

Бошқа бир аёл эса, Паштунинг эри банги бўлганлиги учун гўдак яшамаганини айтади.

Афғонистонда кўплаб чақалоқлар анъанавий урф-одатлар қурбони бўлишади.

Чақалоқлар туғилиши билан совуқ сувда чўмилтириб олиш ҳоллари кенг тарқалган. Бу эса, зотилжамга сабаб бўлади. Киндиклари эса, нотоза пичоқлар билан кесилади ё-да, гўдаклар инсу жинслардан сақлаш учунлиги айтилиб, кир-чир ерларда ётқизиб олинади, бу эса, яна инфекцияни орттиришга сабаб бўлади.

Камдан - кам аёллар туғруқнинг биринчи кунлари чақалоқни эмизишади. Чунки, бола учун ўта муҳим саналган "оғиз сути" бу ерда "ифлос" ҳисобланади. Бунинг ўрнига чақалоқлар эритилган сариёғ билан боқилади.

Жинсий тарбия берилмайди

Кобул марказидаги Истиқлол шифохонасида шаҳардаги энг катта туғруқ бўлими бор. Бу ерда жинсий тарбия бўйича тасаввур йўқлигига оид ҳикояларни кўп эшитиш мумкин. Икки ўсмир қиз менга кулиб-кулиб, ҳомила қандай пайдо бўлиши ҳақида ҳатто турмушга чиққанларидан кейин ҳам билмаганларини айтиб беришди.

Улардан бири бу ерга беш ойлик ҳомиласи нобуд бўлгани учун келтирилган. У ўзининг ҳомиладор эканини ҳатто билмаганини айтади. Чунки, у ҳомиладорлик аломатлари қандай бўлишидан огоҳ бўлмаган.

"Мен агар бу каби саволларни берсам, ёмон қиз сифатида қарашади", дея тушунтиришга уринади у уятдан қизариб.

Шифохона докторларидан бирининг айтишича, уларнинг оналари турмушга чиққанларидан кейин ўзлари билиб олишар қабилида иш тутишади. Бироқ, кўп ҳолларда бундай бўлмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 2002 йилдан бери Афғонистонда 2,400 нафарча доя тайёрловдан ўтказилган

"Мен кўплаб ёш қизларнинг турмушга узатилганларини биламан ва улар ҳомила эрлари билан жинсий муносабат натижаси эканини билишмайди", дейди шифокор.

Ўзгаришлар

Аммо, ўзгаришлар эшик қоқаётгани рост. Ҳозир тайёрловдан ўтган доялар ёрдамида туғдириб олинаётган аёллар сони 2003 йилдагига қараганда 3 баробарга ошган.

Рўгул ҳозир "Болаларни асранг" Британия хайрия ташкилоти томонидан дояликка ўқитилмоқда. 9 фарзандини йўқотган бу аёл ҳозир кўпларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда.

У яқинда сил билан оғриган қайнонани туғаётган келинининг олдига қўймаслик учун бир хонага қамаб қўйганини ҳикоя қилиб берди. У чақалоққа инфекция юқишини олдини олиш учун бу ишни қилганини айтади.

Рўгул ўз шахсий фожеаси ва янги олган таълими билан жамоасига қандай кўмак бериши аниқ. Аммо, Рўгулга ўхшаганлар бу ерда ҳали етарли эмас.

Рўгулнинг ҳикояси охири яхшилик билан якун топади. Унинг ҳозир бир ўғли ва икки қизи бор.

"Улар олган билимим ва меҳнатим натижаси", дейди Рўгул жилмайиб.

Афғонистон Омма соғлиғини сақлаш вазирлиги ҳозир йилига 400 нафар дояни тайёрловдан ўтказиш дастурини йўлга қўйган.