'Миср прокуратураси собиқ президент Ҳусни Муборакни сўроққа чақирган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Миср матбуоти хабар қилишича, мамлакат прокуратураси собиқ президент Ҳусни Муборакни шу йил январ ойидаги аксилҳукумат намойишчиларнинг ўлими ва давлат маблағларини ўзлаштириш иши бўйича сўроққа чақирган.

Миср прокуратураси баёнотига кўра, собиқ президент билан бирга унинг ўғиллари Гамал ва Алаа ҳам сўроқ қилинади.

10 апрел куни "Ал-Арабия" телеканали Ҳусни Муборак аудиобаёнотини эълон қилган.

Бу жаноб Муборакнинг Миср президентлигидан кетганидан кейинги илк оммавий чиқишидир.

Бу чиқишида Ҳусни Муборак ўзи ҳамда оиласи аъзоларига нисбатан илгари сурилаётган коррупцияга алоқадор айбловлар асоссиз эканини айтган.

У ўз шаънини ҳимоя қилишга ҳаққи борлигини айтган ва чет элларда йиғиб қўйган катта бойлиги борлигини инкор этган.

Сўнгги марта Ҳусни Муборак 10 феврал куни Миср телевидениеси орқали мурожаат билан чиққан, қудратдан кетиш талабларини рад этган эди.

Бироқ кейинги куни унинг Қоҳирани тарк этиб, Қизил денгиз соҳилидаги чорбоғига кетгани хабар қилинган.

Орадаги вақт давомида Ҳусни Муборакнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бироқ унинг атрофидаги кишилар бу хабарларни рад этган.

Жума куни яна юз минглаб кишилар Қоҳиранинг "Таҳрир" майдонига йиғилганлар, улар Ҳусни Муборак ва унинг оиласи аъзоларини маҳкамага тортишни талаб қилганлар.

Миср армияси намойишчиларни куч билан тарқатишга уринган, оқибатда камида бир инсон ҳалок бўлгани, ўнлаб одамлар жароҳатлангани хабар қилинган.

Бироқ тунда тарқалган намойишчилар шанба куни яна майдонни тўлдирганлар.

Муваққат ҳукумат ҳокимларни алмашираётганини эълон қилди

Кейинроқ Мисрнинг айрим вилоятлари ҳокимлари алмаштирилаётгани ҳақидаги режалар эълон қилинган.

Бу мамлакатдаги ўзгаришлар суръатини тезлаштиришни талаб қилаётган ислоҳотчилар талабларига жавобан, дея баҳоланмоқда.

Кузатувчилар охирги кунлардаги ҳодисалар Миср исёнининг муҳим бурилиши нуқтаси бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Норозиликлар ташкилотчилари мамлакатнинг ўтиш даври ишларини бошқараётган ҳарбий кенгаш фаолиятидан ва собиқ президент Ҳусни Муборакни жавобгарликка тортмаётганидан қониқмаётганларини айтганлар.

Лекин иккила тараф ҳам шу вақтгача муносабатларни бузмасликка ҳаракат қилиб келди, дея хабар қилади Би-би-си мухбири.

Жума кунги намойишлардан сўнг рўй берган ҳодисалар эса норозиларнинг "Таҳрир" майдонида қуриб олган чодирлар жамлоғида бу ҳодисаларга қандай муносабат билдирилиши кераклиги ҳақида турли фикрларни уйғотган.

Баъзилар мамлакатдаги энг қудратли куч - ҳарбийлар билан қарама-қаршиликка бориб, қуролли кучлар раҳбари Тантовийнинг истеъфосини талаб қилмоқдалар.

Бошқалар эса қарама-қаршиликлар можаро ва фожеани келтириб чиқариши мумкинлигини айтадилар.

Бу мавзуда батафсилроқ