Туркия ўз ҳудудида Толибон идорасини очиш ниятини билдирган

Ҳомид Карзай ва Абдулло Гул

Туркия Афғонистонда ниҳоий тинчликни ўрнатиш мақсадида ўз ҳудудида Толибон идорасини очиш ниятини билдирган.

НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати бўлган Туркия Афғонистонда ўз қўшинларига эга. Бу қўшинлар ҳарбий амалиётларда иштирок этмайди, асосан қайта қуриш лойиҳаларига кўмак бериб келади.

Аммо, Туркия илк бор Толибон билан музокаралар олиб бориш учун сиёсий идора очиш таклифи билан чиқмоқда.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли душанба куни Венгрияга сафари давомида агар бу каби талаб билдирилса, Туркия қўлидан келган барча ишни қилишини айтган.

Декабр ойида Истанбулга борган Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Толибоннинг бирон бир холис мамлакатда "ярашувни ташкил этиш" учун ваколатхона очиши таклифлари ҳақида гапирганди.

Карзай жаноблари агар Туркия бу ишни қилса, мамнун бўлишини ҳам қўшимча қилган.

Кейинроқ Туркия Афғонистон Тинчлик Қурултойига бу масалада кўмак беришга ваъда берганди.

Афғонистон Тинчлик Қурултойи ўтган йил Ҳомид Карзай томонидан Толибон исёнкорларини қуролларини ерга қўйиб, Афғонистон конституциясини қабул қилишга ундашга қаратилган музокараларни тезлаштириш мақсадида ташкил этилганди.

Image caption Аҳад Андижонийга кўра, Толибон Туркиянинг таклифини қабул қилиши учун замин йўқ дейиш мумкин

Ҳозирга қадар Толибон раҳбарияти билан тинчлик музокараларини ўтказиш сай-ҳаракатлари ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Толибон раҳбарияти Афғонистон тупроғида хорижий кучлар бор экан, тинчлик музокаралари ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаб келади.

Шундай экан, тинчлик ташаббуси билан чиқаётган Туркия бунга у қанчалар муваффақ бўла олади?

Туркиялик таниқли сиёсатчи Аҳад Андижоний Туркиянинг Афғонистонда ниҳоий тинчликни ўрнатишга оид ташаббуслар билан илк бор чиқмаётгани, бироқ ҳали бундай саъй-ҳаракатлар ҳаминқадар натижа берганини айтади.

Аҳад Андижонийнинг фикрича, Толибон сўнгги таклифни қабул қилиши учун ҳам замин йўқ дейиш мумкин.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Туркия 2007 йилдан бери Афғонистон ва Покистон раҳбарлари ўртасида қатор музокараларга бошчилик қилиб келади. Мақсад ушбу қўшни мамлакат ўртасида Исломий исёнкорларга қарши ҳамкорликни кучайтиришга ундашдир.

Афғонистон 2001 йил Қўшма Штатлар бошчилигидаги ҳарбий амалиётлар ортидан Толибон тузуми ағдарилганидан бери исёнкорлик муаммосидан азият чекиб келади.

Афғонистонда ҳозир 140,000га яқин халқаро қўшинлар жойлаштирилган. Июл ойидан уларни олиб чиқиб кетиш бошланади. Режага мувофиқ 2014 йилга келиб афғон полицияси ва армияси тўла назоратни қўлга киритишлари керак.