'Минскдаги портлаш мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш бўлган'

Портлаш 'Октябрьская' метро бекатида юз берган Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Портлаш 'Октябрьская' метро бекатида юз берган

Беларус Президенти Александр Лукашенкога кўра, пойтахт Минскдаги метро тармоқларининг бирида юз берган портлаш мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш бўлган.

Душанба куни кечки соатларда метро бекатлари йўловчилар билан ўта тирбанд маҳал рўй берган портлашда 11 киши нобуд бўлган, қатор инсонлар тан жароҳати олишган.

"Мен буни (портлашни) хориждан совға эканини назардан соқит қилмайман", деб айтган Лукашенко жаноблари. Президент ушбу ҳодисани 2008 йилги портлаш билан боғлаган. Ўшанда 50 инсон жабр кўрганди.

Полиция воизига кўра, ҳозир бутун Минск бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

'Халқа'

Портлаш Президент Лукашенконинг асосий иш биноси ва қароргоҳидан унча узоқ бўлмаган "Октябрьская" метро бекатида маҳаллий вақт билан 17:55да содир этилган. "Октябрьская" Минскдаги ўта гавжум метро бекатларидан бири бўлиб, шаҳардаги икки метро йўлини бир-бирига боғлайди. Гувоҳларга кўра, йўловчилар поезддан тушаётган маҳал олов чақнаган ва қаттиқ портлаш овози эшитилган.

Кўплаб одамлар жиддий жароҳат олганлар. Интерфакс ахборот агентлигига кўра, портловчи восита метал парчалари билан тўлдирилган бўлган. Айримлар жасадлар платформада тахланиб ётганига гувоҳ бўлганларини айтишган.

Телевизион орқали чиқишида жаноб Лукашенко портлашдан мақсад мамлакатдаги "тинчлик ва барқарорлик"ка путур етказиш бўлганини айтди.

Шу билан бирга у ушбу ишда хориж иштироки борлигига ишора қилди. Президент ушбу ҳодисани 2008 йил мустақиллик куни муносабати билан Минскда ўтказилаётган концерт чоғида юз берган портлаш билан боғлади. Ўтган галги элликка яқин инсон тан жароҳати олган жиноий иш ортида ким тургани ҳозиргача аниқланмаган.

"Булар ягона халқага бориб тақалиши мумкин. Биз мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликка путур етказишдан ким наф кўргани, ким бу ишнинг ортида турганини аниқлашимиз шарт", деб айган Лукашенко жаноблари.

У ҳодисада ҳаётдан кўз юмганлар хотирасига бир дақиқа сукут сақлашга чақирган.

"Прокурорлар ҳодисага террор амали сифатида қарашмоқда", дейди Лукашенко жаноблари маъмурияти манбаларидан бири ахборот агентликларига гапираркан.

Гувоҳлар портлашдан сўнг бири метро бекатининг томи бир қисми тушиб кетганини айтишган.

Портлаш юз берганидан кўп ўтмай жуда кўп махсус кучлар, тез ёрдам машиналари ва ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига етиб борганлари хабар қилинади.

Александр Лукашенко Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келади. У ўтган декабр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қилган. Аммо, халқаро кузатувчилар сайлов жараёнини қоралаб чиқишганди.

Мухолифат норозилик намойишларига чиқаркан, фаоллар дохил 600га яқин одам ўраб олинган ва ҳибс қилинган. Уларнинг баъзилари ҳамон қамоқда қолишмоқда.

Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар 19 декбардаги намойишларни бостиргани учун жаноб Лукашенко ва унинг доирасидаги одамларнинг саёҳат қилишларига чекловлар киритган.

Жаноб Лукашенко мухолифатнинг намойишлари Ғарб тарафидан молияланган давлат тўнтаришига уриниш эканини айтганди.

Би-би-сининг Киевдаги мухбирига кўра, ушбу собиқ Шўро давлатида таранглик кучайиб бормоқда. Сиёсий зиддиятлар билан бирга Беларус йил бошларидан бери иқтисодий мушкулотлардан азият чекади.