Россияда инсон илк бор фазога учган сана нишонланмоқда

Юрий Гагарин Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россияда Юрий Гагарин фазога учганига 50 йил тўлгани тантана билан нишонланмоқда. Юрий Гагарин 1961 йил 12 апрел куни илк бор космосга парвоз қилган ва Ер шари орбитасини бир марта тўла айланиб тушганди.

Ушбу кун муносабати билан Москвада қатор тантаналар бўлиб ўтади ва Кремлда замбараклардан 50та мушак отилади.

Президент Дмитрий Медведев буни дунёни ўзгартирган "инқилобий" ҳодиса дея таърифлаган.

Фазога парвоз Юрий Гагаринни бир зумда дунё бўйлаб машҳур қилиб юборган ва инсон зоти Ердан ташқарида жон сақлай олмайди деган қўрқувларга барҳам берганди.

1961 йилдан бери космосга 500дан ортиқ киши парвоз қилди.

"Юрий Гагариндан олдин ҳеч ким фазодаги шароитларда инсон чидай оладими йўқлигини билмасди. Айримлар вазнсизлик одамни телба қилиши мумкинлигига ишонишган...Шу билан бирга радиация таъсирларидан ҳам хавотирлар бўлган", дейди Москвадаги Би-би-си мухбири Стив Розенберг.

"Бироқ, фазодан Гагариннинг юзи кўриниб, овози эшитиларкан, дунё космос қўрқинчли жой эмаслиги, тадқиқ этилиши кераклигига гувоҳ бўлди", дейди мухбиримиз.