Сурия ҳукумати яраланган намойишчиларга тиббий ёрдам йўлини тўсишда айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сурия ҳукумати норозиликлар ташқи кучлар томонидан уюштирилганини даъво қилмоқда

Суриянинг Банияс порт шаҳрида хавфсизлик кучлари ва норозилик намойишчилари ўртасидаги тўқнашув ўнлаб одамларнинг жароҳат олишига сабаб бўлган.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Сурия бўйлаб учта шаҳарда камида 28 киши ҳалок бўлган.

Банияснинг ўзида шанба куни 13 кишини нобуд бўлганди.

Шаҳарнинг бир қисми армия машиналари билан ўраб олинган ва отишмалар давом этмоқда.

Инсон ҳақлари гуруҳларига кўра, Сурия бўйлаб юзлаб одамлар ҳисбга олинган.

Душанба куни Дамашқ Университетида ўтган ноодатий намойишда ҳам талабалар ҳисбга олинган.

Беш юзга яқин талабалар илк бора кўпроқ сиёсий эркинликларни талаб қилиб, намойиш ўтказишган.

Дамашқдаги мухбиримиз Лина Синжабга кўра, бу талабалар томонидан уюштирилган ўта жасур қадам бўлди, чунки университет ҳукмдор Баас партиясига яқин хавфсизлик кучлари томонидан қаттиқ назорат қилинади.

Айни дамда Президент Ассадга содиқ талабалар ҳам қарама-қарши намойиш ўтказиб, Ассадпараст шиорларни айтиб қичқиришган.

Президент Башар ал Ассад ҳукуматига қарши бир неча ҳафтадан бери давом этаётган чиқишларда 200дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Жаноб Ассаднинг ислоҳотлар ўтказиш ваъдаси ва ўз вазирлар маҳкамасини тарқатиб юбориши ҳам норозиликни сўндира олгани йўқ.

Бир гувоҳнинг айтишича, бугун Байда қишлоғи армия қуршовида қолмоқда.

У хавфсизлик кучлари билан юзага келган зўравонликда ўнлаб одамлар жароҳат олгани, бироқ аскарлар тез ёрдам машиналарининг шаҳарга киришларига тўсиқ бўлаётганини айтади.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Сурия хавфсизлик кучларини камида икки шаҳарда жароҳат олган инсонларга етишишга уринган тиббий ходимлар йўлларини тўсганликда айблашган.

Human Rights Watch Сурия ҳукуматини яраланганларга тиббий ёрдам етказилишини тўсиқларсиз таъминлашга чақирди.

Араб давлатларидаги ғалаёнлардан илҳомланган суриялик намойишчилар 50 йилдирки амалда бўлган ва маҳкама ё терговсиз ҳар кимни қамоққа ташлашини таъминлайдиган фавқулодда қонунлар бекор қилинишини ва сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилишмоқда.